Маҳаллаларда лой кўчалар қолмайди
Халқимизда эзгу-мақсадларни ўзида мужассамлаштирган қадриятлар кўп. Шундай қадриятлардан бири ҳашар. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат мужассам. Маҳалла аҳли бирлашиб кўчалар ва аҳоли турар жойларида ободонлаштириш ишларини амалга оширади.
Навоий вилояти Кармана туманидаги “Наврўз” МФЙда ҳашар йўли билан кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу амалий жараёнда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов иштирок этиб, бугунги ҳашарда фаоллик кўрсатаётган барча ташкилотларга, аҳолига ўзининг миннатдорчилигини билдирди.

- Амалга ошираётган ишларимизнинг барчаси инсон қадри учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилади, - деди вилоят раҳбари Н.Турсунов.

Ҳашарда “Наврўз” маҳалласининг Бахт, Янги бино, Тож маҳал, Камалак, Халқлар дўстлиги, Қизилқум, Зиё нур, Обод ҳамда Бирлик кўчаларининг жами 8 километр ички йўлларига шағал тўкилиб, текисланмоқда. Ариқ ва зовурлар тозаланиб, дарахтларга шакл бериш, оқлаш ишлари амалга ошириляпти. Аҳолининг коммунал соҳадаги барча муаммолари ҳал этилиб, таъмирталаб симёғочлар бетон таянчларга алмаштирилмоқда.

- 30 йилдан буён шу маҳаллада яшайман, - дейди меҳнат фахрийси Ўрол Нормуродов. - Неча йиллардан бери аҳоли лой кўчаларни кечиб, катта йўлга чиқишга мажбур эди. Аммо бугун шуни ишонч билан айта оламанки, тез кунларда бизнинг маҳаллада лой кўчалар қолмайди.

Бугунги кунда вилоятнинг барча маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда
А.Бўриев, ЎзА