Маҳаллалар инфратузилмаси депутатлар назоратида
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар ижросини назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 октябрда қабул қилинган “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимининг 4 ноябрдаги қарори билан вилоятда 585 маҳаллада 588 та лойиҳа амалга оширилади.
Жумладан, бу лойиҳаларнинг 296 та ички йўллар, 189 таси ичимлик суви ва оқова сув таъминоти, 51 таси электр энергияси ва 5 таси газ таъминоти билан боғлиқ. Шунингдек, таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳалла марказлари, спорт иншоотларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилади.

Маҳаллаларда бу ишларнинг амалга оширилиши республика ва вилоят даражасидаги масъуллар, депутатлар томонидан назорат қилиб, мувофиқлаштириб борилади.
Хусусан, Олий Мажлис Сенатидан палатанинг ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев вилоятга масъул этиб белгиланган.
Сессияда Ф.Боқиев иштирок этиб, белгиланган вазифаларни амалга оширишда мутасадди ташкилотлар ҳамда депутатлар масъулияти ҳақида сўз юритди.

Таъкидланишича, аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар ҳал этилиши кўзда тутилган 585 та маҳалла кесимида алоҳида режа-жадвал тасдиқланиб, амалга ошириладиган ишлар аҳолига тушунтирилди.
Айни пайтда маҳаллаларда электр энергияси ва газ таъминотига тегишли 55 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошланган. 529 та объектнинг бош пудрат ташкилотлари 27 ноябрга қадар белгиланган тартибда аниқланади.
Сенатор Ф.Боқиев бошчилигидаги гуруҳ бугун Қўшработ туманида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишди. Туман ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда сайёр қабулда иштирок этиб, аҳоли муаммоларини эшитди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА