Маҳаллалар фаоллари китобхонлик танловида беллашди
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Йилнинг энг яхши китобхон маҳалласи” кўрик-танлови ўтказилди.
Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган танлов Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла” йилида аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш ва юксак инсоний фазилатларни улуғлаш мақсадида ташкил этилди.

Унда Навоий шаҳрининг “Мустақиллик”, “Турон”, “Ёшлик”, “Баҳор” ва Кармана туманининг “Деҳқон” ва “Нарпай” маҳалла фуқаролар йиғинларидан 3 нафар иштирокчидан иборат жамоалар 3 та шарт асосида ўзаро беллашди.

– Жамоаларнинг билим ва фикрлаш доираси, дунёқарашини аниқлаш мақсадида бадиий асарлардан 10 тадан тезкор саволлар берилди ва ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бош мутахассиси Жонибек Қодиров. – Шунингдек, жамоалар “Ўзбек ва жаҳон адабиёти билимдони” шартида ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан иборат асарлар асосида тайёрланган 20 та саволга ёзма жавоб беришган бўлса, “Менинг энг севимли китобим” шартида 3 дақиқа ичида ўзлари ёқтирган асардан парчалар ижро этиб, асар мазмун-моҳияти ва ёш авлод тарбиясидаги ўрни ҳақида маълумот берди.

Якуний натижаларга кўра, “Турон” жамоаси 1-ўрин, “Ёшлик” жамоаси 2-ўрин ҳамда “Нарпай” жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА