Маҳалладаги имконият: икки манзил бир мақсад сари қадам
Бугун маҳалла фақат аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд эмас, балки янги иш ўринлари, тадбиркорлик ташаббуслари ва оилавий даромад манбалари шаклланадиган муҳим иқтисодий масканга айланган.
2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамият юксалиши йили” деб эълон қилингани маҳалладаги ҳар бир имкониятни аниқ лойиҳага, ҳар бир лойиҳани эса янги иш ўрни ва барқарор даромад манбаига айлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шунга асаосан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давомида Жондор туманидаги “Қозикенти” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти, тадбиркорлик субъектлари фаолияти ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
“Қозикенти”даги энг эътиборли жиҳатлардан бири — аҳолида йиллар давомида шаклланган амалий тажриба асосида қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган алюминий эшик ва ромлар ишлаб чиқарилаётганидир. Бугун хонадонларда тарқоқ тарзда амалга оширилаётган ана шу фаолиятни катта саноат имкониятига айлантириш учун асос бор.
Маҳалланинг М-37 халқаро автомобиль йўли бўйида жойлашгани эса бу имкониятни янада кенгайтиради. Тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш, хомашё олиб келиш, буюртмаларни тезкор бажариш ва логистика харажатларини мақбуллаштириш учун қулай шароит мавжуд.


Эътиборлиси, ҳозирда 200 дан ортиқ хонадонда тарқоқ ҳолда фаолият юритаётган ишлаб чиқаришларни бир жойга жамлаш режаси ишлаб чиқилган. Бунинг учун 4 гектар майдонда замонавий саноат марказини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу марказда қиймати 35,7 миллиард сўм бўлган 72 та лойиҳани амалга ошириш ва 350 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида эса инсон тақдири бор. Шу маънода, “Қозикенти”даги ташаббусни хонадонлардаги кичик ишлаб чиқаришларни замонавий саноат тизимига олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам, дейиш мумкин.
Ўрганиш давомида мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва рақобатбардошлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун катта ҳажмда ресурслар йўналтирилиши, маҳаллаларда минглаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.


Ўрганишларнинг навбатдаги манзили — “Хўжикент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркор Руслан Негмуродов хўжалиги бўлди. Бу ердаги фаолият эса маҳалладаги иқтисодий имкониятларнинг яна бир қиррасини намоён этади. Хўжаликда 270 бош хорижий зотли от парваришланмоқда. Отларни асраш, озиқлантириш ва кўпайтириш учун зарур шароитлар яратилган. Энг муҳими, мазкур фаолият натижасида 8 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган. Хўжаликнинг йиллик айланмаси 1,5 миллиард сўмни ташкил этаётгани ҳам соҳанинг иқтисодий салоҳиятини кўрсатади.
Актам Хаитов хўжаликдаги ишлар билан танишар экан, отчиликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш масалаларига эътибор қаратди.
Жондордаги ушбу икки манзил бир-биридан фарқли бўлса-да, мазмунан бир нуқтада туташади: имконият бор жойда ташаббус бўлса, меҳнат бор жойда даромад бўлади.
“Қозикенти”да хонадонларда йиллар давомида шаклланган ҳунар саноат марказига айланиш арафасида. “Хўжикент”да эса отчилик соҳасидаги тадбиркорлик тажрибаси кенгайиши учун замин яратмоқда. Энг муҳими, бу жараёнда маҳалла иқтисодий ҳаётнинг пассив кузатувчиси эмас, балки унинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Жондордаги ўрганишлар оддий танишув эмас, балки маҳалладаги мавжуд имкониятларни янада катта иқтисодий ҳаракатга айлантиришга қаратилган амалий ёндашувнинг бир кўринишидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири