Маҳаллада ёшлар етакчилари қандай ишларга масъул?
Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаоллиги муҳим аҳамиятга эга.
Фарғона вилоятида ҳам ҳар икки лавозимга муносиб номзодлар танлаб олинди ва иш бошлашди. Фарғона туманидаги “Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар етакчилари учун амалий семинар ташкил этилди. Унда тумандаги “Улуғбек”, “Баҳор”, “Чимён” маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбирда 14-30 ёш тоифасидаги йигит-қизлар ўртасида спортнинг футбол, баскетбол, шахмат-шашка, стол тенниси каби турлари бўйича мусобақалар, шунингдек, китобхонлик, маданият ва санъат, компьютер саводхонлиги бўйича тренинглар бўлиб ўтди.
Фарғона тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 12-ўрта таълим мактабида ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбийларнинг чиқишлари, “Менинг маҳаллам – менинг фахрим” мавзусида фольклор-этнографик жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди. Ёш оилалар ўртасида ош танлови, хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳам ташкил этилди.
[gallery-5404]
– Янги йилдан ҳар бир маҳаллада иш бошлаган ёшлар етакчиларининг биринчи галдаги вазифаси 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар манфаатларини таъминлашга йўналтирилган манзилли дастурларни шакллантиришдан иборатдир, – дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илҳом Тошпўлатов.
– Шу асосида тегишли маҳалладаги ҳар бир ёш билан ишлаб, муаммосини ҳал этиш, Бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда йигит-қизларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, тадбиркорликка йўналтириш ишларини олиб бормоғи лозим. Бу эса ёшлар етакчиларидан ғайрат-шижоатни, юксак масъулиятни талаб этади. Бугунги семинарда масаланинг ана шу жиҳатларига алоҳида урғу берилди.
М. Сулаймонов, ЎзА