“Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида қарийб 350 экологик ҳуқуқбузарлик аниқланди
Мамлакатимизда ўтказилаётган "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида экологик тартибни таъминлаш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополицияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан боғлиқ 62 ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси талаблари асосида маъмурий жарималар қўлланилди ҳамда атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди.

Жумладан, 3 август куни дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан боғлиқ 5 ҳолат қайд этилиб, айбдорларга нисбатан маъмурий жарималар белгиланди. Ушбу ҳуқуқбузарликлар Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида аниқланди.
Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даври бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддаси асосида чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларини бузганлик учун 285 ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилди.

Хусусан, жорий йил 3 августнинг ўзида чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш бўйича 17 ҳолат аниқланди. Мазкур ҳуқуқбузарликлар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Қайд этиш лозимки, дарахтларни ноқонуний кесиш, уларга шикаст етказиш ҳамда чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларига риоя этмаслик атроф-муҳитга жиддий зарар етказади ва амалдаги қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари республиканинг барча ҳудудларида давом эттирилмоқда. Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади экологик хавфсизликни таъминлаш, яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, аҳоли пунктларида тозаликни сақлаш ҳамда "Маҳаллада Ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришдан иборат.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА