“Маҳаллабай” ташкил этилган сайёр қабуллар самарали бўлмоқда
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва ҳаётимиздан тобора чуқурроқ ўрин олаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда.
Бугун марказдан то энг узоқ чекка ҳудудда яшаётган юртдошимизга қадар ислоҳотларнинг реал натижасини ўз ҳаётида кўра бошлагани, бу янгиланишлар минглаб оилалар ҳаёти, миллионлаб инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига ҳам туртки бўлаётгани бунинг яққол исботидир. Раҳбарлар фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш учун узоқ ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан учрашмоқда. Ҳудудларда сайёр қабуллар энди бир туман миқёсида эмас, балки жорий этилган янги тизим “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ташкил этилмоқда.
Ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги судлар томонидан ўтказилаётган навбатдаги қабул Чимбой туманидаги “Дўстлик”, “Бердақ”, “Темир йўл гузари”, “Шахтемир” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари Камал Тарихов ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси Полат Дошмуратов аҳоли мурожаатларини тинглаб, зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берди.
Хусусан, Рахат Бисенбаев тумандаги Бердақ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан тадбиркорлик учун ер сотиб олган. Лекин бу ернинг фойдаланилмай турган даврига туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 78 миллион сўм қарздорлик ҳисобланган. У қарз олдинги эгасининг қарздорлиги бўлганлиги ва бу масала юзасидан судга берганлиги ҳусусида ҳуқуқий маслаҳат сўраб келган фуқарога суд масъуллари барча важларини биринчи инстанция судига келтириши лозимлиги тушунтирилди.
Медетбай Ембергенов қабулга болалигидан ногирон 1976 йилда туғилган синглисига ногиронлик нафақасини тайинлаш юзасидан амалий ёрдам сўраб келган. Унга туман тиббий меҳнат экспорт комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Гулшад Тажимуратова қабулга карантин даврида туман санитария эпидемиология осойишталик марказида ишлаган вақтларидаги ойлик иш ҳақиларини кам олганлиги юзасидан мурожаат қилди. У ушбу масала юзасидан Чимбой тумани прокуратурасига юборилди.
Сайёр қабулда жами 10 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, қонун доирасида ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Бугун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимининг янги босқичга кўтарилиши – ислоҳотлар таъсирчанлигининг янада ошиши, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун янада кенг имконият ва шарт-шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА