
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа фидойиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилиб, маҳаллаларни бошқаришда мутлақо янгича тизим – “Маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган йилда Қорақалпоғистон Республикасида 36 та маҳалла биноси янгидан қурилиб, 4 та маҳалла биноси жорий ва 3 та маҳалла биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Маҳаллаларни ободонлаштиришда Президентимизнинг 2023 йил 13 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўтган давр мобайнида мазкур қарор асосида ажратилган 226 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 452 та маҳалла доирасидаги 2 минг 372 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди.
Тадбир якунида байрам муносабати билан бир гуруҳ соҳа фидойилари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири