Маҳалла тизимининг энг фаоллари тақдирланди
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Обод ва хавфсиз маҳалла” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида мамлакатимизда маҳалла институти мавқеини юксалтириш, унинг обод ва хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Айни кунда Андижон вилоятида 882 та маҳалла мавжуд бўлиб, унда 800 мингга яқин оила истиқомат қилади. Юртдошларимизда тарбия, одоб-аҳлоқ, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, умуман, жуда кўп инсоний фазилатлар айнан қадриятлар бешиги бўлмиш маҳаллада шаклланади. Маҳаллада ана шу йўналишларда, қолаверса, “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида олиб борилаётган ишлар сифати ва кўламини, маҳалланинг жамият, инсон ҳаётидаги ўрни ва ролини янада ошириш мақсадида ўтказилаётган кўрик-танловда унинг туман, шаҳар босқичлари ғолиблари орасидан белгиланган мезон ҳамда шартлар асосида энг юқори натижаларга эришган маҳалла фуқаролар йиғинлари аниқланди.
Дастлаб вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Нишонов вилоят ҳокимининг ғолиб ва иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
[gallery-903]
– Бугунги кунда ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига 30 дан ортиқ йўналишлар бўйича муҳим вазифалар юклатилган, – дейди Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ўктамжон Охунов. – Маҳаллаларнинг кўп қиррали фаолиятини, ободонлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ибратли ишларини баҳолаш осон кечмади.
Тадбирда “Энг фидойи маҳалла раиси”, “Маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича энг маҳоратли ўринбосари”, “Маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича энг фаол ўринбосарлари”, шунингдек, “Маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича энг ташаббускор маслаҳатчиси”, умуман, 25 номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Танловда “Энг фидойи маҳалла раиси” номинацияси ғолиби бўлганимдан беҳад мамнунман, – дейди Андижон туманидаги Орол маҳалла фуқаролар йиғини раиси Матлубахон Ғаниева. – Ушбу эътироф нафақат мени, балки маҳалла етакчилари, фаоллари, қўйингки, бутун маҳалламиз аҳлининг ҳамжиҳатликда олиб борган меҳнатларига берилган баҳодир. Мазкур муваффақият мени янада фаол ва фидойи бўлиб ишлашга ундайди.
Шунингдек, тадбирда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар вакиллари, хусусан, “Энг фидойи сектор раҳбари”, “Фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича энг фидойи ўринбосари”, “Профилактика инспекторининг энг фаол ёрдамчиси”, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор” каби қатор номинацияларда ғолиблар тақдирланди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурати),
ЎзА