Маҳалла раисига яна бир бор ишонч билдирилди
Шу кунларда юртимиздаги барча фуқаролар йиғинларида маҳалла раислари сайлови бўлиб ўтмоқда. Бугунги кунда Навоий шаҳридаги 36 та маҳаллада ҳам сайловлар бошлаб юборилган.
Сайловлар очиқлик ва ошкораликда, фуқароларимизнинг хоҳиш ҳамда иродасини эркин ифода этиш принципларига асосланган ҳолда ўтказилмоқда.

Шаҳардаги Мустақиллик маҳалласида бўлиб ўтган сайловда дастлаб маҳалла фуқаролар йиғини раислигига кўрсатилган номзодлар ўзларининг маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги сайлов олди дастури билан таништирди.

Бугунги кунда маҳалла шаҳардаги намунали маҳаллалардан бири бўлиб, 20 дан ортиқ кўп қаватли уйда 5 минг нафардан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг 2600 нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил этади.

Сайлов якунида амалдаги маҳалла раиси Ширин Алдабергеновага яна бир бор ишонч билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири