“Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни”
Бугун халқимизни рози қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасидаги ишларни “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Президентимиз Олий Мажлис палаталари ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида айни шу ҳақда тўхталиб ўтар экан, ислоҳотлар ижросини “тепадан пастга” тамойили асосида олиб бориш зарурлигини таъкидлаб ўтганди. Ушбу маърузада, айниқса, маҳаллаларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, фуқаролар йиғинлари раислари жараёнларнинг марказида бўлиши лозимлиги тўғрисида аниқ тавсиялар берилган.
Давлатимиз раҳбари иштирокида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 2 мингдан зиёд оилани ўз ичига олган “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида тизим ходимлари ва маҳалла фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларга тўла ечим топишда маҳалла раиси ва ходимларининг масъулияти ва иштироки бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлиги, ислоҳотларнинг амалий ифодаси, аввало, маҳаллада намоён бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Мурожаатномада ҳам айни мавзуга доир аниқ таклифлар ўртага ташланар экан, маҳалла раислари ўз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни энг муҳим масала сифатида маҳаллий ҳокимликлар олдига қўя олиши кераклиги, бунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, уларнинг кўрсатаётган натижаларини одамлар ўз ҳаётларида сезиши лозимлиги таъкидланган эди.
Энг муҳими, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, содир бўлаётган ўзгаришлар ва бунга аҳолининг муносабати, уларнинг кайфияти, аввало, маҳаллада акс этиши, маҳаллада сезилиши, маҳалла – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгусига айланиши лозимлиги тўғрисидаги фикрлар билдирилган.
Янгибоғ маҳалласида ўтказилган мазкур учрашувда айтилган фикрлар ҳам айни ҳақиқатнинг мантиқий давоми сифатида тизимда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ривожи йўлида соҳа фидойиларига янги қанот, янги куч бағишлади. Айниқса, юртбошимизнинг “Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни” дея маҳалла ходимлари меҳнатига юксак баҳо бергани, ўйлайманки, ҳар бир маҳалла раисига, тизимда меҳнат қилаётган ўн минглаб ходимларга ўзгача руҳ, катта ифтихор берди, шу билан бирга бизнинг зиммамизга улкан масъулият юклади.
Албатта, олиб борилаётган ислоҳотларимиз натижаси, энг аввало, маҳалла ва оилаларда кўринса, одамлар бу ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис этса, у чинакам ҳаётий ислоҳот мақомига эришади.
Давлатимиз раҳбари учрашув давомида мазкур жиҳатлар хусусида ўз фикрларини билдирар экан, одамларнинг турмуш фаровонлигига эришиш, бу орқали жамиятда ўзгариш ясашнинг дастлабки қадами маҳаллалар иқтисодиётини кўтариш эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Бунинг учун аҳоли, хусусан, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳамда бошқа шу каби ижтимоий дастурлар асосида уларга зарур шароитлар яратиб бериш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларига кўрсатмалар берилди.
Мазкур масалаларни тезкор ва манзилли ташкил этиш учун барча даражадаги раҳбарлар, айниқса, иқтисодий тизим вакиллари пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича ишни маҳаллаларда ташкил этиши, муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиши зарурлигини таъкидлади. Маҳаллаларнинг ички йўлларини таъмирлаш, кўп қаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниялари, маиший хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш масалаларини келтириб ўтди.
Эътиборлиси, ушбу иш услубини тизимли олиб бориш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Иш юритиш дафтари”ни ташкил этиш, шу асосда амалга оширилган ишларни таҳлил этиб бориш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди. Шунингдек, белгиланган вазифаларни сифатли ва аниқ тизим асосида олиб бориш учун маҳаллалар иш фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник имкониятларини яхшилаш, маҳалла раислари ваколатини кенгайтириш, тизим ходимларини рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда соҳа ривожи йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида фуқаролар йиғинларининг моддий-техник ҳолати яхшиланиб бораяпти. Бу борада биргина ўтган 2020 йилни оладиган бўлсак, 253 та маҳалла биноси янгидан қурилди, 166 тасининг биноси реконструкция қилинди, 998 таси жорий таъмирланди. Ўзи меҳнат қилаётган бинога эга бўлмаган 986 та маҳалланинг бинолари фуқаролар йиғинлари балансига ўтказиб берилди. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 590 та фуқаролар йиғинларига янги бинолар қуриш учун ер майдонлари ажратишга кўмаклашилди. Уларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш мақсадида 924 та фуқаролар йиғини компьютер, 751 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбарининг тизим фаолиятини янада яхшилаш, соҳа ходимларини самарали меҳнат қилиши учун ўртага ташлаган таклиф ва кўрсатмалари, чин маънода, маҳаллалар фаолиятида янги саҳифа очиши, шубҳасиз.
Ботир Парпиев,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазири ўринбосари