Маҳалла ободлигига барча бирдек ҳисса қўшмоқда
Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат мужассам. Бугун юртимизнинг барча гўшаларида “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
– Бизнинг маҳалламизда ҳам умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, – дейди Навоий шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалласи раиси Ширин Аллаберганова. – Маҳалладаги 22 та кўп қаватли уйда 5 минг нафардан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг 2483 нафари хотин-қизлар, 875 нафари ёшлардир. Ҳашарга барча хонадон вакиллари жалб қилинди. Кўп қаватли уйлар атрофи, ариқлар тозаланиб, чиқиндилар бир жойга тўпланди. Мавжуд дарахтлар оқланмоқда. Хуллас, ҳашарда ҳамма бирдек иштирок этмоқда.
Рамазон ҳайити арафасида ташкил этилаётган ҳашарда вилоятдаги мавжуд 330 та маҳалла аҳли, барча ташкилот ва корхоналар ходимлари фаол иштирок этаётир. Бугун кўчалар ободонлаштирилиб, ариқ ва зовурлар тозаланмоқда. Экилган дарахт ва гуллар парваришланиб, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар холидан хабар олинмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, жойларда ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари давомида 160 минг нафарга яқин фуқаро иштирок этаётган бўлса, уларнинг 91 минг нафарини ёшлар ташкил этмоқда.
Ҳозирга қадар 248 гектар майдон ободонлаштирилиб, 253 тонна турли маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланган. Шунингдек, 108 та оиланинг 2200 метр квадратдан зиёд уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Таъмирлаш жараёнларига қарийиб 31 миллион сўм сарфланди. 320 нафар эҳтиёжманд оилага моддий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, уларнинг 108 нафари ногирон ва кекса ёшдаги кишилардир. Сарфланган қарийиб 80 миллион сўм маблағнинг 51 миллион сўми “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағидир.
Шунингдек, 202 та қабристон, 13 та зиёратгоҳ обод этилиб, 23 киломтер ариқ ва зовурлар тозаланган.
Вилоятда “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остидаги умумхалқ хайрия ҳашари давом этмоқда.
[gallery-6899]
Абдували БЎРИЕВ,
Сирож аслонов (сурат), ЎзА