“Маҳалла – менинг тақдиримда” танлови бўлиб ўтди
Жиззахда "Қадриятлар бешигисан - азиз маҳаллам!" шиори остида ҳар йили ўтказиб келинаётган "Маҳалла — менинг тақдиримда" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу кўрик-танлов ёшлар ўртасида тарихий хотира, юксак маънавият, ўзбек халқининг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантириш ошириш мақсадида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Жиззах давлат педагогика институти, вилоят халқ таълими, маданият, касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда уч босқичда ўтказиб келинаётир. Танловда умумтаълим мактабларининг 9,10,11-синфи ўқувчилардан иборат жамоалар иштирок этишмоқда.
Кўрик танлов вилоят босқичида танловнинг шаҳар, туман босқичида ғолиб чиққан 13 та жамоа иштирок этди. Жамоалар тўртта шарт бўйича ғолиблик учун курашдилар.
Танлов якунида Пахтакор туманидаги “Дилором” маҳалла фуқаролар йиғинининг «Маҳалламиз ёшлари» жамоаси биринчи ўринга муносиб топилди.
Ғаллаорол тумани Олимлар маҳалла фуқаролар йиғинининг «Олимлар» жамоаси иккинчи, Дўстлик туманидаги “Саритепа” маҳалла фуқаролар йиғинининг «Маҳалламиз ёшлари» жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.
Танлов ғолиблари дипломлар ва Жиззах вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА