Маҳалла - меҳр, инсонийлик маскани
Мана бир неча йилдирки, маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни” сифатида нишонлаб келинмоқда.
Дарҳақиқат, маҳалла - ватан ичра мўъжаз ватан! Ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз, келажагимиз бевосита ўзимиз яшаётган маҳалла билан чамбарчас боғлиқ.
Кейинги йилларда маҳаллаларнинг жамият ҳаётидаги мавқеи ва иштирокини тобора орттириш, фаоллигини кучайтириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Одамларни ўйлантираётган муаммо ва долзарб масалаларни айнан маҳалла тизимида ўрганиш, уларга ечим топишнинг муайян механизми яратилди.
Мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш, ислоҳотларга ҳисса қўшишда фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга оид кўплаб муҳим давлат ва ҳудудий дастурлар, қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.
Кейинги йилларда маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий мақомини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини замон руҳига ҳамоҳанг такомиллаштириш бўйича кўплаб қонун ҳужжатлар қабул қилинди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларининг кенгайтирилгани турли масалаларни жойларнинг ўзида ҳал этиш, ҳамюртларимиз фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда "Аёллар дафтар", "Ёшлар дафтар " каби ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларнинг ҳаётга кенг жорий этилгани бандликни таъминлаш, янги иш ўринларини бунёд этиш, ижтимоий аҳволи оғир фуқаролага яқиндан кўмак беришда янги истиқболлари очмоқда. Кексалар ҳолидан хабар олиш, улар саломатлигини янада яхшилаш, муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш борасидаги ишлар сифати янада яхшиланмоқда.
Аслида маҳалла тизими давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори ва амалий ғамхўрлигида бўлиб келган. Бу борада маҳаллалар учун кенг имкониятлар яратилаётгани ҳар бир ҳамюртимизнинг кундалик ҳаётида, орзу-интилишларида ўз ифодасини топмоқда. Шу билан бирга маҳаллалар фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг тобора обод, хавфсиз, турли ҳуқуқбузарликлардан ҳоли бўлишини таъминлаш, оилавий ажримларни камайтириш, ёшлар тарбияси билан жиддий шуғулланиш, миллий удум ва анъаналаримизни тўғри талқин этиш, бунда исрофгарчиликка йўл қўймаслик бугуннинг долзарб масаласига айланди.
21 март куни Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантаналарда давлатимиз раҳбари ўз нутқида Маҳалла тизими ходими куни хусусида бежиз сўз юритмади. Зеро, одамийлик, меҳр, ўзгаларга қўлдан келганича яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини кўтариш,оғирини енгил қилишда маҳалла доим олдинги сафда бўлиб келган.
Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб маърифий тадбирлар, мулоқотлар, уч авлод учрашувлар, "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишонини тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун янги бинолар, гузарларнинг очилиши бўлиб ўтади. Эл-юрт кори йўлида сидқидилдан меҳгат қилаётган маҳалла фидойиларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга эътибор қаратилади. Айни пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича галдаги вазифа ва режалар ҳам белгилаб олинади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири