“Маҳалла кубоги”да иқтидорлилар сараланди
Наманганда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамкорлигида ўқувчиларининг ёзги дам олиш таътилини мазмунли ташкиллаштириш мақсадида 12-16 ёшли ўсмирлар ўртасида спортнинг мини-футбол, стол тенниси турлари бўйича “Маҳалла кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди.
Вилоятдаги 788 та маҳаллада кўчалар ўртасида кечган турнирнинг илк босқичида маҳалла терма жамоаси шаклланиб, мусобақаларнинг секторлар биринчилиги, секторлар ўртасида ғолиб бўлганлар туман биринчилиги, туманлараро ҳудудий мусобақалари ўтказилиб, мусобақаларнинг вилоят босқичига футбол бўйича 4 та маҳалла жамоаси ҳамда стол тенниси бўйича 8 нафар ўғил ва 8 нафар қиздан иборат иштирокчилар ўз омадини синаб кўрди.

Давлатобод туманидаги 1-сонли футбол маҳорат мактаби майдонларида ташкиллаштирилган “Маҳалла кубоги” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида чемпионлар аниқланди.
Футбол беллашувларининг ҳал қилувчи баҳсига Наманган шаҳридаги Озод маҳалласининг “Навбаҳор” ва Учқўрғон туманидаги “Ёшлик” маҳалласининг “Олимпик” жамоалари етиб келди. Финал учрашувининг асосий вақтида кучлар тенг келди – 1:1. Пенальтилар “серияси”да 3:2 ҳисобида устун келган Наманган шаҳри вакиллари кубок ғолиблигини қўлга киритди.
Турнирнинг учинчи ўрин учун кечган ўйинда Янгиқўрғон туманидаги Исковот маҳалласининг “Машъал” жамоаси дарвозасига жавобсиз тўртта гол урган Поп туманидаги Ғурумсарой маҳалласи “Ғурумсарой” жамоасининг ёш футболчилари ҳам совриндорлар сафидан жой эгаллади.

Стол теннисининг ўғил болалар баҳсида Наманган тумани вакили Бобур Раҳимжоновга тенг келадиган рақиб топилмади. Янгиқўрғонлик Дилмурод Муҳаммаджонов ва Наманган туманидан Муҳаммаджон Зокиров мос равишда иккинчи, учинчи ўринларни эгаллади.
Қизлар иштирокидаги стол тенниси беллашувларида Янгиқўрғон туманидан Рухшона Тўрабоева энг юқори натижани қайд этди. Шунингдек, учқўрғонлик Хадича Ҳабибуллаева ва Ноила Ҳакимова совринли ўринларни бўлишиб олди.
Тақдирлаш маросимида ғолиб-совриндор жамоалар ва иқтидорли ўғил-қизларга ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА