Маҳалла – ислоҳотлар генератори: “Еттилик” тизими самарадорликнинг янги босқичига чиқмоқда
Маҳалла институти бугунги кунда халқ билан мулоқотнинг энг самарали ва таъсирчан механизмига айланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга мутлақо янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янги бир даврни бошлаб берди.
Биз, халқ вакиллари ва депутатлар, ушбу йиғилишда белгиланган вазифаларни чуқур таҳлил қилар эканмиз, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Маҳалла раиси – ўз ҳудудида ислоҳотларнинг бош ташаббускори ва етакчиси” деган концептуал ғоя замирида улкан сиёсий масъулият ётганини ҳис этмоқдамиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, шу пайтгача маҳаллабай ишлаш тизимида маълум бир тарқоқлик мавжуд эди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимдан иборат “еттилик” тизими ташкил этилган бўлса-да, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришда ва ягона мақсад сари йўналтиришда оқсоқликлар кўзга ташланаётган эди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу масала очиқ ва танқидий руҳда ўртага ташланди. Эндиликда “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бир аъзоси ўз йўналиши бўйича эмас, балки ягона жамоа сифатида, маҳалла раиси раҳбарлигида ҳаракат қиладиган тизим яратилмоқда. Бу эса маҳалладаги ижтимоий муҳитни соғломлаштириш ва аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш имконини беради.
Йиғилишда «маҳалла еттилиги» реал иқтисодий ва ижтимоий драйверга айланиши кераклиги қатъий белгиланди. Эндиликда маҳалла раислари ўз ҳудудида хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерларни тўғридан-тўғри аукционга чиқариш ҳуқуқига эга бўлади. Маҳаллабай ишловчи банк ходимларининг юки енгиллаштирилиб, уларга кўпи билан 3 та маҳалла бириктирилади. Уларнинг бош вазифаси – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали иш ўринлари яратиш бўлади. Бунинг учун қўшимча 2 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Маҳалла тизимини илмий асосда ташкил этиш мақсадида Давлат бошқаруви академияси ҳузурида Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. Институт ҳар йили 21 минг нафар «еттилик» аъзосини ўқитади. Норин тумани тажрибаси асосида барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади. Хизматлар сони электрон шаклда 900 дан оширилади.
Президент томонидан маҳалла раисларига берилаётган янги ваколатлар депутатлик корпуси олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди. Маҳалла раисининг “еттилик” аъзолари фаолиятини баҳолаш, уларни рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини кўриш бўйича тавсия бериш ҳуқуқига эга бўлиши – маҳалланинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан муносабатларида мустақиллигини таъминлайди.
Айниқса, маҳалла бюджети маблағларини шакллантириш ва уларни айнан аҳолини қийнаётган энг долзарб муаммоларга йўналтириш ваколатининг кенгайтирилиши – халқ ҳокимиятининг амалдаги ифодаси.
Биз, депутатлар, бундан буён маҳаллалардаги ислоҳотларнинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки бевосита иштирокчиси ва кафили бўлишимиз шарт. Видеоселекторда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фаолиятимизни қуйидаги устувор йўналишларда қайта ташкил этишимиз лозим.
Биринчидан, қонунчиликни ҳаётга татбиқ этиш. Маҳалла раиси ва “еттилик”ка берилган янги ҳуқуқий мақом ва имкониятларнинг жойларда тўлиқ ишлашини назорат қилиш.
Иккинчидан, бюджет назорати. Маҳаллаларга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва шаффоф ишлатилиши устидан халқ назоратини ўрнатиш.
Учинчидан, муаммоларни юқори даражага олиб чиқиш. Маҳалла миқёсида ҳал этилмаган, тизимли ва қонунчиликка ўзгартириш киритишни талаб қиладиган масалаларни Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига сифатли тайёрлаб чиқиш.
Президентимиз таъкидлаганларидек, маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади, маҳалла ўзгарса – бутун жамият ўзгаради. Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш маҳаллаларга янги нафас, янги руҳ олиб киради.
Депутат сифатида шуни айта оламанки, “маҳалла еттилиги”нинг янгича иш тизими халқимизнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди ва янги Ўзбекистоннинг пойдеворини айнан маҳалладан бошлаб мустаҳкам қуришга хизмат қилади.
Отабек Жиянбоев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати
ЎзА