"Маҳалла еттилиги" фаолияти ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Равшан Фозилов ва Севара Убайдуллаева Юнусобод туманидаги "Адолат" ва "Биллур" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, "маҳалла еттилиги" аъзолари билан суҳбат ўтказдилар.
Учрашув аввалида депутатлар томонидан "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Сўнгра аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар юзасидан "маҳалла еттилиги" ҳисоботи тингланди.
Учрашувда иштирок этган сайловчилар билан ҳам суҳбат ташкил этилиб, маҳаллада мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр алмашилди.
***
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Зуҳриддин Мавлонов, Манзура Салимова ҳамда Эркин Ҳайитов Термиз шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали фаолияти билан танишди. 320 ўринга эга ушбу тиббиёт муассасасида аҳолига онкологик ёрдамни янада сифатли ташкил этиш мақсадида касалликларни эрта аниқлаш ва профилактикаси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан бирга, айрим муаммолар ҳам аниқланди.

Хусусан, лаборатория бўлимида кимёвий препаратлар етишмаслиги, нур чиқарувчи аппаратлар манбасини алмаштириш ва сервис тўлови учун зарур маблағлар ажратилмаётгани таъкидланди. Мавжуд муаммолар депутатлар назоратига олинди.
Депутатларнинг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА