“Маҳалла еттилиги” фаолияти ўрганилди
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги “Ержар” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “маҳалла еттиллиги” аъзолари билан учрашди ва уларнинг иш фаолияти атрофлича ўрганилди.
Учрашув давомида маҳалладаги ўзгаришлар, яратилган янги иш ўринлари, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида эришилган ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш тўғрисида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаш, ҳудудда амалга оширилган ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалар, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар қанчалик бажарилаётгани, амалга оширилган лойиҳаларнинг аҳоли учун фойдаси ва келажакдаги режалар ҳақида батафсил сўз юритилди.
[gallery-21827]
Маҳалла фуқаролари бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳали етарли даражада эмаслиги, “маҳалла еттилиги” мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдаланмаганлиги қайд этилди.
Шунингдек, мулоқот жараёнида хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш масалалари ҳам муҳокама мавзусидан ўрин олди.
Ержар маҳалласида жиноятчиликни камайтириш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги кўздан кечирилди ва ушбу жараёнлар маҳалла аҳолисининг хавфсиз ва осойишта яшашини таъминлашга қаратилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўрганишлар жараёнида маҳалладаги ижтимоий тармоқлар фаолияти билан танишилди. Маҳалла фаоллари билан учрашиб юзма-юз мулоқотлар ўтказилди.
Учрашув давомида маҳалладаги келгуси ривожланиш йўналишлари белгиланди. Тажриба алмашиш ва янгиликларни ўрганиш, кейинги босқичларда ишлаш учун зарур бўлган режалар тузилиб, қарорлар қабул қилинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари