
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 2025 йилда катта мақсад қўйилган. Яъни, 5 миллиондан зиёд инсонни даромадли қилиш режа қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, 3 миллион 600 минг кишининг бандлиги банклар ёрдамида таъминланади.
Ушбу мақсадда давлатимиз раҳбари ўзига хос, умуман янгича ёндашувни йўлга қўйди. Жорий йилнинг 3 январида давлатимиз раҳбарига банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.

Қайд этилишича, 208 та туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда банклар раҳбарлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ҳар бир маҳалла бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит ажратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича туман банки раҳбарига ойма-ой самарадорлик кўрсаткичи қўйилди. Энди Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари ҳудудларга чиқиб, жойлардаги банк филиалларининг маҳаллалардаги ишини янгича ёндашув асосида ташкил қилади.
Демак, бу йил ҳам умуммиллий ҳаракат изчил давом эттирилади. Одамларни ишли ва даромадли қилиш сиёсати янада юқори тезликда, янада самарадор ечимлар орқали халқ орасига чуқур кириб боради. Туман банклари филиалларида “маҳаллабай” ишлаш бўлимлар ташкил этилиб, уларга маҳалла банкирлари тайинланади. Эътибор берсангиз, бу йўналишда янги тизим пайдо бўляпти. “Маҳалла банкирлари” ва “Маҳалла лойиҳаси”.

Хўш, “Маҳалла банкирлари” қандай тизим?
Маҳалла банкирлари банкларнинг энг қуйи бўғини ҳисобланади. Яъни, маҳалла даражасига тушиб, одамларнинг даромадини оширадиган тизим. Маҳалла банкирларининг энг катта вазифаси маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганиб, одамларнинг ғояларини, лойиҳаларга айлантиришдир. Маҳалла банкирлари “хонадонбай” ишлаб, ҳар бир оилага тайёр лойиҳалар ёки бизнес режалар таклиф қилади. Лойиҳанинг барча занжирида – кредит олиш, бизнес очиш, маҳсулот сотиш жараёнларида аҳолига ҳамроҳлик қилади.
Содда қилиб айтганда, нолдан даромадга киргунича ўша лойиҳани қўллаб-қувватлайди. Маҳалла агентлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхат асосида одамларни даромадли меҳнатга банд қилишга ўз ҳиссасини қўшади. Бунинг учун барча молиявий инструментлар мавжуд.
Ҳудудий банклар ҳамда туман ҳокимлари аҳолини тайёр бизнес лойиҳалари билан таништириб боради, уларни амалга ошириш кўникмалари ўргатилади. “online-mahalla.uz”, “bank-kredit.uz” ва “soliq.uz” ахборот тизимлари интеграция қилиниб, масъулларга юклатилган вазифалар ижроси кунлик таҳлил қилиб борилади. Фаолияти қониқарсиз бўлган раҳбарларга чора кўрилади.

“Маҳалла банкирлари” тизими орқали 1 миллион 400 минг киши доимий иш билан таъминланади. Яна 2 миллион 100 минг аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ҳисоб-китоб қилинган. Бу борада ўзига хос молиявий инструментлар ҳам жорий этиляпти. 1 миллиард доллар йўналтирилаётган “Маҳалла лойиҳаси” дастури ана шундай муҳим молиявий инструментлардан бири.
Дастурда оилавий тадбиркорлик дастурларида муваффақиятга эришган аҳолига кўпроқ муддатга кўпроқ ҳажмда маблағ ажратилади. Қолаверса, ҳар бир маҳаллада камида 10 та хонадон учун “Лойиҳа пакети” етказиб берилади.
Таҳлилларга кўра, ушбу пакетлар орқали оилалар 60-70 миллион сўмдан кам бўлмаган йиллик даромадга эга бўлади. Яна бир маълумот, “Маҳалла лойиҳаси” дастурини Паркент тажрибаси мисолида айтиш мумкин. Бу тажриба Осиё тараққиёт банки ва Халқ банки ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Олдин оилавий тадбиркорлик дастурларидан муваффақиятли ўтган аҳоли бу дастурга жалб қилинади ва уларга кўпроқ миқдорда, кўпроқ муддатга кредит ажратилиши йўлга қўйилади.
Бугунги кунда бир қатор банклар тизимида маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, “Бизнесни ривожлантириш банки” Бош офисида алоҳида таркибий тузилма, вилоят филиалларида тегишли бўлимлар ҳамда туман филиалларида шўъбалар фаолияти йўлга қўйилди. Банкка бириктирилган 648 та маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 227 та маҳалла банкири ва ҳар бир маҳалла учун 648 та маҳалла ёрдамчи-агентлари жалб қилинмоқда.
Жумладан, бугунги кунда “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан 280 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш, бунда 114 минг 685 нафар аҳолини доимий иш билан банд қилиш ва 165 минг 315 нафар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Банкка бириктирилган 648 та маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш, жумладан аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, янги имкониятларни яратиш борасида ишлар ташкил этиш мақсадида 227 та маҳалла банкири ва ҳар бир маҳалла учун 648 та маҳалла ёрдамчи-агентлари жалб қилинмоқда. Айни пайтда маҳалла банкирлари ва ёрдамчи агентлар маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганиб, одамлар билан бевосита суҳбатлар ўтказиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантирмоқда.
Хусусан, маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганиб, аҳолининг бизнес ғоялари асосида уларга тайёр лойиҳалар тақдим этилмоқда. Аҳоли билан кредит олиш, қайтариш, бизнесни йўлга қўйиш ва маҳсулотини сотиш каби масалаларда мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг молиявий саводхонлигини оширишга кўмаклашилмоқда. Шу билан бирга, банк тайёр бўлган лойиҳаларни ишга тушириш ва бизнесни йўлга қўйиш жараёнларида уларнинг энг ишончли ва яқин ҳамкорига айланмоқда.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчимиз. Жорий йилда ҳар бир маҳаллада микролойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Яъни, жами 9 минг 453 та маҳаллада умумий ҳисобда 40 тадан лойиҳа, 378 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилади. Бунинг натижасида 757 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади. Қолаверса, кичик ва ўрта бизнес ҳамда кичик ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда 120 триллион сўм миқдорида кредитлар йўналтирилади. Бу, йил давомида ажратиладиган кредитларнинг 40 фоизи шу соҳага йўналтирилади, дегани.
Бир сўз билан айтганда, 2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда ҳал қилувчи йил бўлади. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан янги тизим ва жуда катта миқдордаги молиявий ресурслар ажратилди. Энди жойлардаги масъуллар иш тизимини ва ёндашувларни янгича ташкил қилиши зарур.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА