Маҳалла банкири иш бошлади
АТБ Туронбанк томонидан Навоий вилояти Навбаҳор тумани Арабсарой маҳалласида маҳалла банкири иш бошлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган лойиҳа доирасида маҳалла банкирлари биринчи галда ўзларига бириктирилган ҳудуднинг бизнес имкониятларини ўрганади. Маҳаллий аҳоли билан учрашувларда уларнинг ғояларини тижорат лойиҳаларига айлантиради. Фуқароларнинг кредит олиши ва белгиланган тартибда қайтаришига кўмаклашиб, бизнесни йўлга қўйиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотини сотишни ўргатади.

– Арабсарой маҳалласида 530 та хонадонда 2450 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди АТБ Туронбанк Навоий банк хизматлари маркази етакчи мутахассиси Ҳасан Абдимуродов. – Маҳалланинг асосий драйвери хизмат кўрсатиш ва чорвачилик ҳисобланиб, жами аҳолининг 98 нафари тадбиркорлик билан банд. Ҳозир аҳолининг молиявий аҳволини янада яхшилашга ва тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам бериш мақсадида турли молиявий хизматлар, кредитлар ҳамда инвестиция имкониятлари ҳақида маслаҳатлар бериб, факторинг, депозит каби манфаатли банк хизматлари ҳақида тушунчалар бермоқдамиз.

Албатта, ушбу ташаббус аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларини жойида ҳал қилиш, ҳар бир фуқаро билан яқиндан ишлаш ҳамда маҳалланинг ривожланиш салоҳиятини кучайтиришда муҳим қадам бўлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири