Мағрур ҳилпирайвер Ватан байроғи
Абдулла Қодирий номидаги Ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида” ги қонун қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Мағрур ҳилпирайвер Ватан байроғи” мавзусида интеллектуал беллашув бўлиб ўтди.
Унда Марказий ҳарбий округ 523-батальони, Миллий гвардиянинг 87214-ҳарбий қисми, Навоий вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассислик бўйича тайёрлаш маркази ва ИИВ Навоий академик лицейи жамоалари иштирок этди.

Тадбир аввалида “Давлатимиз рамзлари фахримиз, ғуруримиз” мавзусида видеоролик намойиш этилиб, иштирокчилар томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърлар айтилди, Давлат байроғи тўғрисида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз байроғи халқимизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган ҳолда ундаги ҳар бир ранг ва белги ўз мазмунига кўра халқимизнинг асрий анъаналари ва миллий қадриятларимизни ўзида ифода этган. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврига назар солмайлик, байроғимиз аждодларимиз учун озодлик йўлида куч-қудрат, жасорат ва ғалаба тимсоли бўлганлигини кўришимиз мумкин. Шу маънода мустақил Ватанимиз байроғи барчамизни юксак марралар сари илҳомлантириш билан бирга қадим давлатчилигимизнинг миллий ва маънавий анъаналари, халқимизнинг бағрикенглиги, тинчликсеварлигини ўзида мужассам этган улуғ давлат рамзи ҳисобланади.
“Заковат” интеллектуал ўйини якунида ИИВ Навоий академик лицейи жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади.
А.Бўриев,
ЎзА.