Маданият – халқларни яқинлаштирадиган буюк кўприк
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан Корея Республикасига сафари икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очмоқда. Зеро, мазкур ташриф янги иқтисодий, маданий-маърифий ҳамкорликларга пухта замин яратмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Сеул шаҳрида Корея Республикаси маданият, спорт ва туризм вазири Чхве Хви Ён билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашгани эътиборга моликдир.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилгани маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ҳам янги босқичга олиб чиқиш учун катта имкониятлар бермоқда.

– Мен доимо бир фикрга амал қиламан: давлатларни сиёсий келишувлар яқинлаштирса, халқларни маданият яқинлаштиради, – деди маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Чунки маданият – чегараларни билмайдиган, авлодларни бир-бирига боғлайдиган ва халқларнинг қалбига йўл топадиган куч.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, ижодкорлар ва маданият соҳаси мутахассислари ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Айни кунларда Кореянинг Кочхан, Борён, Сеул, Чонджу, Андон ва Сунчхон шаҳарларида ўтказилаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.
– Санъатнинг тили битта у инсон қалбининг тилидир, – деб фикрини давом эттирди Озодбек Назарбеков. – Биз бир-биримизнинг қўшиқларимизни тинглар, санъатимизни томоша қилар эканмиз, аслида бир-биримизнинг руҳиятимизни англай бошлаймиз.
Учрашув давомида маданий ҳамкорликни тизимли ва доимий асосда ривожлантиришга қаратилган қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, икки вазирлик ўртасидаги қўшма маданий лойиҳаларни мувофиқлаштириб борувчи Маданий ҳамкорлик бўйича Қўшма амалий ишчи қўмитасини ташкил этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, «Корея – Марказий Осиё дўстлик кутубхонаси» ташаббуси доирасида Бухоро шаҳрида «Буюк Ипак йўли кутубхонаси»ни барпо этиш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Китоб ва кутубхона – бу шунчаки бино ёки минглаб асарлар жамланмаси эмас. У халқлар хотираси, тафаккури ва келажак авлодга қолдирадиган маънавий меросидир. Буюк Ипак йўли бўйлаб асрлар давомида нафақат товарлар, балки ғоялар, билимлар ва маданиятлар ҳам ҳаракатланган. Бугун биз ана шу тарихий руҳни замонавий лойиҳалар орқали давом эттиришимиз керак.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 200 мингдан ортиқ корейс миллатига мансуб юртдошларимиз ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувнинг ўзига хос тирик кўпригидир.
– Менимча, бугун маданиятга киритилган сармоя – эртанги кун тинчлиги ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишончга киритилган сармоядир. Шу боис Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги маданий алоқаларни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ижодкорларимиз учун янги имкониятлар яратиш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз, – деди Озодбек Назарбеков.
Н.Усмонова, ЎзА