Маҳсулот экспортга йўналтирилмоқда
Зарафшон шаҳридаги “Қизилқум текстиль” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган полипропилен қоплар ички бозор билан бирга экспортга ҳам чиқарилмоқда.
Зарафшон шаҳридаги “Қизилқум текстиль” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган полипропилен қоплар ички бозор билан бирга экспортга ҳам чиқарилмоқда.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўшимча имтиёзлар яратиш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 260 кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 27 фоизга ўсди. Хусусан, Зарафшон шаҳрида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 миллиард 451 миллион сўм кредит ажратилди.
– Қишлоқ хўжалиги, кимё ва бошқа соҳалар маҳсулотлари учун сифатли қоплар тайёрламоқдамиз, – дейди корхона директори ўринбосари Шерзод Ёқубов. – Бир ойда ишлаб чиқарилаётган 450-500 миллион сўмлик маҳсулотнинг 50 фоизи экспорт қилинаётир.
Жорий йил бошида 1 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция эвазига иш бошлаган корхонада 70 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Бу ерда самарали меҳнат қилиш учун барча шароит ва имкониятлар яратилгани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.