Мақсад аниқ бўлса, манзил яқин бўлади
Бу Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Ҳилола Расулованинг ҳаётий шиори.
Бу Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Ҳилола Расулованинг ҳаётий шиори.
Тиниб-тинчимас, ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак бўлишга интилаётган Ҳилола Расулова немисларга хос қатъий тартибга амал қиларкан. Самарқанд давлат чет тиллар институтининг Роман-герман филологияси факультети 1-босқичида таҳсил олаётган Ҳилола билан ўтган қисқа ва мазмунли мулоқотимиз давомида бунга гувоҳ бўлдик. Ҳали 1-босқич талабаси бўлса-да, факультет, институт миқёсида ўз ўрнини топиб улгурганлиги унинг юксак иқтидори, салоҳиятининг белгиси, назаримизда. Самарқанд шаҳридаги Вильгельм фон Гумбольдт номидаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига илк қадам қўйган давридаёқ немис тили алифбосини ўрганиб, ўқиш ва ёзишни билган Ҳилола институтнинг ҳаётига мослашиб улгурмай ўз йўналишидаги дастлабки илмий изланишларни бошлашга ҳам улгурибди. Эзгу мақсадни кўзлаб тинимсиз ҳаракатда бўлган қаҳрамонимиз устозлари Назокат Содиқова ва Садоқат Пиримқуловалар раҳбарлигида “Ўйинларнинг немис тилини ўрганишдаги ўрни” мавзусида методик кўрсатма тайёрлади.
Мақсад сари интилиш муваффақиятнинг асоси, — дейди Ҳилола. – Ҳаётда ҳар қандай ҳолатлар бўлиши мумкин. Бежизга “ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” дейишмайди. Ҳар бир маррага етиш учун маълум тўсиқларни енгиб ўтиш зарур. Муҳими, кишининг мақсади аниқ бўлиб, унга эришиш учун ҳаракат қилиш керак. Киши ўзига ишонса, ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтади. Шунинг учун фақатгина орзу қилиш билан чегараланмаслик лозим. Буюк орзуларни рўёбга чиқариш учун уларни мақсадга айлантириш керак. Чунки, ҳар биримизнинг олам-олам орзуларимиз бор, аммо уларнинг чегараси йўқ. Мақсадимиз эса маълум марраларни забт этиш. Мактабда ўқиб юрган кезларим газетада Самарқанд давлат чет тиллар институти талабасининг Президент стипендияси соҳиби бўлганлигини ўқиб, айнан шу институтда ўқишни, стипендиат бўлишни орзу қилгандим. Орзуимга етишиш учун тил ўрганишга қатъий киришдим. 6-синфда ўқиётган вақтим мактабимиз маъмурияти томонидан Зулфия номидаги давлат мукофоти учун ўтказилаётган танловда қатнашишга таклиф қилишган эди. Дастлабки уринишда шаҳар босқичида тўхтадим. Аммо мақсад сари ҳаракатдан тўхтамадим. Яқинларим, устозларим менга далда бўлиб, руҳлантириб туришди. Бу ҳам кишининг ўз-ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга асос бўларкан. Мукофотга эришиш учун 4 марта уриндим. Ҳар бир муваффақиятсизлик менга ўзига хос сабоқ бўлди. Шу орада немис тили бўйича халқаро олимпиадада қатнашиб, совриндор бўлдим. Бу муваффақиятларим сабаб 2019 йилда Зулфияхоним қизлари сафидан жой олдим. Мукофотни олиш билан чегараланиб қолмоқчи эмасман. Юқорида таъкидлаганимдек, ўқувчилик пайтимдаги орзуим Президент стипендиясини қўлга киритиш бугунги кундаги мақсадимга айланган. Шунингдек, Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритганимда яна бир мақсадни дилимга тукканман. Тошкентда жойлашган Гёте номидаги тил марказининг Самарқанддаги филиалини ташкил этишни режалаштирганман. Бу немис тилини ўрганувчилар учун кенг имконият яратади. Кўпчилик немис тилини тарғиб қилишга бунчалик уринишим сабабига қизиқишади. Гётенинг шундай гапи бор: кимки бирор чет тилини ўрганмаса, ўзлигини ҳам билмайди. Хорижий тилларни ўрганиш чоғида кишида ўз она тилига бўлган ҳурмат, эътибор ҳам ортиб бораверади.
Ҳилола Расулова немис тилини ўрганиш билан бирга уни ўргатиш борасида ҳам тажриба тўплаб бормоқда. Факультетда ташкил қилинган волонтёрлик тўгарагига бошчилик қилаётган Ҳилола тенгдошлари билан Самарқандга ташриф буюраётган немис забон сайёҳларга ҳамроҳлик қилиш жараёнида улар билан суҳбат қилиб, билимини мустаҳкамлаб боряпти. Шунингдек, институтнинг фаол талабларидан иборат “IDEAL” ўқув марказида ҳам фаолият олиб бормоқда. Мазкур ўқув марказида Ҳилоладан немис тилини ўрганаётган ёшлар ўндан ортиқни ташкил қилади. Фақатгина ўзи эмас, ён атрофидаги тенгдошлари, издошларини ҳам юксак марраларни забт этишини истаётган Ҳилола Расуловадан немис тилини ўрганиб бугун унга рақиблик қилаётган тенгдошлари борлигидан фахрланади. Соғлом рақобат юксак самара беришига ишонган қаҳрамонимиз ҳаётда фақат олға интилиш, эзгу ният қилиб, улкан мақсадлар сари ҳаракат қилишни шиор қилган.