Мақсад – аҳоли фаровонлигини ошириш
Мулоқот доирасида Сергели туманида фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизларнинг маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди
Сергели тумани ҳокимлигида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини хотин-қизларга тушунтириш ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган амалий мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда партия раҳбари А.Ҳаитов Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси том маънода мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётни таъминлашга қаратилгани, унда таълим-тарбияни замон талаблари даражасига кўтариш заруратидан аҳоли турмуш даражасини юксалтиришгача аниқ вазифалар белгиланганини таъкидлади.
Мурожаатномада барча соҳалар қатори ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хусусан, халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилиши борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидланганидек, юртимизда кам таъминланган, етарли даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламлари ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг даромадларини оширишда аҳоли ўртасида замонавий ишбилармонлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш орқалигина юксак мақсадларга эришиш мумкин.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилади, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интиладиган бўлади.
Шунингдек, меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз фуқаролар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали муносиб иш жойи билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 700 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди. Бундан ташқари 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилади, 1 минг 576 хотин-қизга янги уй-жойга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.

Тадбирда Мурожаатномада белгилаб берилган бу каби вазифалар ижросини таъминлаш партия “Аёллар қаноти” олдига ҳам катта масъулият юклаши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Партия хотин-қизларни, уйда ўтирган аёлларни, ёшларни тадбиркорлик фаолиятларини бошлашига яқиндан кўмаклашиш, имтиёзлар бериш ва шу орқали янги иш ўринларини яратишни мақсад қилган.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилади. Бу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда партия тажрибали тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар ёрдамига таянган ҳолда амалга оширади.
Очиқ мулоқотда партия ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси Мурожаатномада қайд этилган ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатиши, ушбу қонун лойиҳасини аҳоли кенг қатламлари орасида муҳокама қилган ҳолда аниқ таклифлар олиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар, ишбилармонлар, аҳоли вакиллари депутатлар билан мулоқотда бўлиб, тадбиркорлик фаолиятига оид қатор таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Мулоқот доирасида Сергели туманида фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизларнинг маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тадбиркорлар томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, тумандаги ишсиз хотин-қизларнинг 30 нафари ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича ишга жойлашди.