Маҳаллий хомашёдан сифатли дори воситалари
Миллий матбуот марказида «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни томонидан матбуот анжумани ўтказилди.Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Жорий йил 4 январда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуни соҳа ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир.
Ҳозир мамлакатимизда юздан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг кўпчилигида халқаро сифатни бошқариш тизими жорий этилган. Фармацевтика корхоналари томонидан 90 фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб 1700 дан зиёд турдаги дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари ички бозорни тўлдириш билан бирга ўнлаб мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
– Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити самарасида корхонамиз фаолияти янада кенгайиб бормоқда, – дейди “Uzgermed pharm” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси бошқаруви раиси ўринбосари Н.Юнусов. – Корхонамизда халқаро сифат тизимлари жорий қилинган бўлиб, маҳаллий хомашё асосида ўн саккиз турдаги импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотимизни хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Анжуманда аҳолига импорт ўрнини босувчи, сифатли ва арзон дори воситаларини етказиб бериш, соҳа корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.