Маҳаллий хомашёдан экспортбоп маҳсулот
Мамлакатимизда тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини янада кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини янада кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.Бухоро вилоятида ҳам импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Вилоятда маҳаллийлаштириш дастурини самарали амалга оширишда йирик хорижий компаниялар ва инвесторларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш давлат дастури тўғрисидаги қарори иқтисодиётнинг янада барқарор ва изчил ривожланиши, унинг ташқи омилларга тобелигини пасайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги технологияларни кенг татбиқ этишни жадаллаштиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Вобкент туманидаги “Баҳор пластикс” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кир ювиш воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона замонавий ускуналар билан жиҳозланган, маҳсулот сифати юқори. 2015 йилда икки турдаги маҳсулот – кир ювиш машинаси ва қўлда ювиш учун фойдаланиладиган воситалар ишлаб чиқариш лойиҳалари маҳаллийлаштириш дастурига киритилди. Унга кўра, маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган лабса, суюқ шиша, кальцийли сода, ўров материаллари каби хомашёлар Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги корхоналардан келтирилмоқда. Ҳамкорлар маҳсулот тайёрлашда асқотадиган хомашёнинг 53 фоизини етказиб бераётир.
Маҳаллийлаштириш дастурига кирган корхоналар ягона солиқ, мулк, фойда солиғи ҳамда божхона тўловларидан озод қилинган бўлиб, улар тендерсиз маҳсулот сотиш имкониятига ҳам эга. Бундай имтиёзлар боис маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар нархи импорт қилинган шу турдаги маҳсулотлардан сезиларли даражада арзон.
Мазкур корхона ҳам маҳаллий материаллар улушини кўпайтираётгани учун солиқ имтиёзидан фойдаланади. Ҳозирча мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган бир қисм хомашё компонентларини хориждан келтиришда божхона тўловидан озод этилгани ҳам “Баҳор пластикс”га яхшигина рағбат бўлаётир. Ана шу имтиёзлар туфайли ўтган йили қўшма корхонанинг айланма маблағи қарийб 570 миллион сўмга кўпайди. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобидан 20 янги иш ўрни яратилди.
– “Баҳор пластикс” корхонасида ўтган йили 22,7 минг тонна кир ювиш воситаси ишлаб чиқарилди, – дейди корхона директори ўринбосари Солиҳ Латипов. – Бу мўлжалдагидан 4 минг 700 тоннага кўпдир. Маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга йўналтирилган бўлса, бир қисми экспорт қилинди. Жорий йилда бу кўрсаткич ҳажмини янада ошириш режалаштирилган.
Бир марталик тиббий шприц ишлаб чиқарувчи “ЎзКореямедикал” қўшма корхонасида ҳам маҳаллийлаштириш дастури асосида кенг кўламли ишлар қилинмоқда, маҳсулотнинг янги турлари ўзлаштирилаётир. Бир марта ишлатиладиган инфизион эритмалар учун системалар ва маҳаллийлаштириш дастурига киритилган болалар тагликлари ишлаб чиқариш шулар жумласидандир.
– Ўтган йили маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича беш турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилди, – дейди Бухоро вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Анвар Очилов. – Тайёр маҳсулотдаги маҳаллий хомашё улуши 36 фоиздан 65,9 фоизга етди. 80 янги иш ўрни яратилди. Кўзда тутилганидан 23,8 миллиард сўм кўп ёки 106,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Унинг қарийб 50 миллиард сўмлиги ички бозорга сотилди. Эркин муомаладаги тежаб қолинган валюта миқдори 38 минг долларни ташкил этди.
Вилоятда маҳаллийлаштриш дастури лойиҳаларини кенгайтириш бўйича импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар турларини ўзлаштириш лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилмоқда.