Маҳалла – тараққиётнинг янги палласида
Маҳалла – ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси, эзгу мақсадлар йўлида фуқароларнинг бошини қовуштириб, эзгу мақсадлар сари етакловчи жамоавий катта куч.
Маҳалла – аждодлардан мерос бўлиб келаётган минг йиллик тафаккур тарзи, турмуш тарзи, қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар умумийлиги билан муштарак боғланган кишилар жамоаси, миллий қадриятларга мос, халқнинг асрий анъаналари ва руҳиятини ҳисобга олиш асосида тузилган муҳим ижтимоий бошқарув идораси
Маҳалла – турли ижтимоий қатлам ва турфа характердаги кишиларни бир жамоага бирлаштирувчи, шахсий алоқалар, умумий манфаатлар, мажбуриятлар, умумий ишлардаги иштирокни таъминловчи, ҳар бир фуқарога ижтимоий масъулият юклай оладиган ягона тузилма;
Маҳалла – ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси, эзгу мақсадлар йўлида фуқароларнинг бошини қовуштириб, эзгу мақсадлар сари етакловчи жамоавий катта куч.
Жамиятни бевосита фуқаролар томонидан идора қилишнинг энг ёрқин ва ибратли қирраси сифатида намоён бўлган маҳаллаларимиз бугун равнақ ва такомиллашувнинг янги истиқболига қадам қўйди. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан ушбу институтнинг мақоми мутлақо янги даражага олиб чиқилиб, мамлакатимизда Маҳалла ва оила масалалари бўйича вазирлик ташкил этилмоқда.
Янги вазирлик нима учун керак? Унинг ташкил этилиши халқимиз учун нима беради? Ушбу янгилик замиридаги энг муҳим жиҳатлар нималардан иборат, каби саволлар туғилиши табиий.
Аввало, янги вазирлик жамиятимизга “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” концепциясининг тўлиқ жорий этилишини таъминлайди. Бунда ҳудудларимиз ободонлашади, жиноятдан холи ҳудудлар сони ортади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, самарали фаолият юритиши учун шароитлар яратади, ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялайди.
Янги вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмалари аҳоли муаммолари билан ишлаш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда маҳаллалар мавқеини юксалтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ташаббусни қўлга олади. Бундай масалаларда ички ишлар органлари ҳамда бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорликда иш юритади.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялашда ҳам Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги масъул ташкилот ҳисобланади. Негаки, оилада аёл эъзозда, ҳурматда бўлса, бу меҳрли муҳит маҳалла ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Аксинча бўлса, бу ҳол маҳалладаги нотинчликка сабаб бўлади. Нотинч оилалар жамиятдаги барқарорликка соя солишини видеоселектор йиғилишида Президентимиз ҳам таъкидлаб, юртимиздаги нотинч оилалар 2019 йилда 13509 тани ташкил этгани ва бу борадаги кўрсаткич 2018 йилга (13183 та) нисбатан 326 тага ошганини куйиниб қайд этди. Янги шаклланаётган вазирлик ана шундай оилаларнинг муаммоларини ҳал этиш, маънавий-ахлоқий муҳитини шакллантириш, ёш авлодни тарбиялашда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашади.
Одамларнинг аҳил яшаши, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ўртасидаги маиший низоларнинг олдини олишда миллий қадрият ва анъаналаримиз, маҳаллаларда шаклланган маънавий тарбия воситаларидан унумли фойдаланилади.
Маҳалла раисларининг обрўси, мавқеи оширилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки шу пайтга қадар улар зиммасида 200 дан зиёд вазифа сақланиб келаётган эди. Шунча ишни бир киши бажариши мумкинми, деган савол бирон мутасаддини ташвишга солмаётганди. Сир эмас, айрим вилоятларда маҳалла ходимларини қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларига хос бўлмаган топшириқлар ижросини таъминлашга жалб этилаётгани, турли йиғилишларга чақириш ҳолатлари ҳамон давом этаётгани ҳаммага аён. Энди эса раислар ўз ҳудудининг ҳақиқий эгасига, юз берган ҳар бир ҳолат учун бирламчи жавобгар ва масъул мутасаддисига айланишади.
Фаолиятида яхши натижаларга эришган маҳалла раислари ва ходимларининг тегишли тартибда рағбатлантирилиши натижасида соғлом рақобат муҳити яратилиб, иш сифати ва унумдорлиги ортади.
Яна бир оғриқли масала – шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан маҳаллалар раислари учун солиқ ва коммунал тўловларни, сафарбарлик чақируви резерви бўйича тушумларни ундириш, металлом йиғиш каби масалалар бўйича ҳар ойда камида 3-4 маротабадан йиғилишлар ўтказилаётганидир. Муҳтарам Президентимиз йўлга қўяётган тизим бундай бошбошдоқликларга ҳам чек қўяди.
Энди маҳаллалар ўз иши билан машғул бўлади. Оддий мисол, бир оилада нотинчлик юз берса, уни бартараф этиш учун бирлашган ва аниқ тизимли, кенг ваколатли жамоа кўмакка келади. Шу пайтгача бир неча ташкилотнинг бир-бирини такрорловчи вазифалари боис сансоларликка солинган муаммоларга биргаликда ечим топилади.
Эзгу ниятлар йўлида ташкил этилаётган янги тизим оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш йўлида муносиб фаолият кўрсатиб, янги Ўзбекистоннинг кейинги тараққиёти йўлида Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлади.
Ҳақли равишда айтиш мумкинки, аҳоли билан ишлашга масъул йирик жамоат ташкилотларининг куч ва имкониятлари ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштирилаётгани, шубҳасиз, ижтимоий соҳада, оила ва маҳаллалар билан ишлаш борасида улкан натижаларни кафолатловчи тарихий воқелик саналади.
Саодат БОЙМИРЗАЕВА,
Республика Маҳаллалар кенгаши
Ахборот хизмати бошлиғи.