Мўйноқда электр таъминоти яхшиланмоқда
Ишчи гуруҳ томонидан тезкор равишда ишлаб чиқилган режа асосида 5,1 километр ҳаво линиясини алмаштириш, унга сим-кабель тортиш вазифаси белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан аҳоли, шу жумладан, ёшлар билан ўтказилаётган оммавий қабул ва учрашувлар жойлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида ўтказилган навбатдаги тадбирда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини бугунги кунда ташвишга солиб келаётган муаммоли масалалар билан танишди. Учрашувда билдирилган ҳаётий муаммоларнинг бажарилиши назоратга олиниб, уларнинг муддати ҳамда масъуллар белгиланди.
Жумладан, тумандаги "Бўзатов" овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Шағирли" аҳоли пунктида жойлашган 9-умумтаълим мактабининг спорт майдончасини таъмирлаш ишлари учун зарур ашёлар етказиб берилди. Шунингдек, болаларга спорт анжомлари, турли мазмундаги бадиий китоблар тақдим қилинди.
Ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан яна бири электр таъминоти билан боғлиқ экани маълум бўлгач, "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти масъул ходимлари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилди. Маълум бўлишича, йилдан-йилга аҳоли сони ортиб бораётган қишлоқдаги трансформатор пункти юқори кучланишда ишлаётганидан айрим хонадонларга етказилаётган электр қуввати меъёрдан паст даражада бўлиб қолган. Симёғочлар ва ҳаво тармоқлари эскиргани туфайли узилиш ҳолатлари учраб турган.
Ишчи гуруҳ томонидан тезкор равишда ишлаб чиқилган режа асосида 5,1 километр ҳаво линиясини алмаштириш, унга сим-кабель тортиш вазифаси белгиланди. Қишлоққа етиб келган махсус техникалар ёрдамида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Энг асосийси, бир куннинг ўзида янгидан ўрнатилган трансформатор пункти 60 хонадонни электр энергия билан таъминлаш имкониятини берди. Ҳудудда жами 860 эскирган устунни янгисига алмаштириш режалаштирилган бўлиб, бу ишларни январь ойи охиригача якунлаш белгиланган. Бу эса "Шағирли" аҳоли пунктидаги 500 дан зиёд оиланинг электр таъминоти яхшиланишига хизмат қилади.
Мўйноқ туманининг энг чекка қишлоқларида амалга оширилаётган бундай ишлар аҳолининг яшаш шароитини яхшилаб, уларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.