Лойиҳа: Бухоро қишлоқлари ривожлантирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ислом тараққиёт банки билан умумий лойиҳалар портфели 2,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. Булар инфратузилма, уй-жой қурилиши, энергетика, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги каби устувор соҳаларни қамраб олган.
Мазкур банк иштирокида 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2023-2026 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш жараёни бошланган. Мазкур дастур камбағалликни қисқартириш, ёшлар, хотин-қизлар, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини микро-молиялаштириш учун замин яратади.
“Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, ичимлик суви ва электр энергия таъминотини яхшилаш, йўл-транспорт инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳоли кайфиятини ва албатта унинг турмуш (маданияти) даражаси кўтарилиши учун хизмат қилади.
[gallery-9913]
Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Бухоро вилоятида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилиб, тақдимотлар ўтказилмоқда. Мазкур лойиҳаларни кенг жамоатчиликка етказиш учун Ўзбeкистон Рeспубликаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари учун Бухоро вилоятига пресс-тур уюштирилди.
Иштирокчилар Вобкент туманидаги “Шанба” ва “Ғарибшоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда лойиҳа тақдимоти билан танишди, аҳоли билан суҳбатлашди. Маҳаллалар раислари аҳолини қандай муаммолар қийнаётганини маълум қилди.
Айтилишича, “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасининг умумий қиймати 338 миллион АҚШ доллари бўлиб, амалга ошириш даври 5 йилни (2021-2025 йиллар) ташкил қилади. Демак, яқин 5 йил ичида қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилади.
Мазкур лойиҳада ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та қишлоқда – 40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла ва базавий инфратузилма, ижтимоий соҳа объектларини, яъни мактабгача таълим муассасалари, мактаб, маҳалла фуқаролар йиғини, қишлоқ врачлик пунктларини яхшилаш, йўл-транспорт инфратузилмаси, тоза ичимлик суви ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъмирлаш натижасида янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.
– Бу лойиҳалар яқин 5 йил ичида чекка ҳудудлардаги муаммоларнинг кўп қисмини ҳал этишга ёрдам беради, – дейди Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги "Қишлоқ жойларини барқарор ривожланиш" лойиҳаси бўйича бирлаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳининг Бухоро ва Навоий вилоятлари координатори Улуғбек Жўраев. – Муаммо ҳар доим ҳар жойда бор. Аммо уни ҳал қилиш учун ҳаракатлар бошланган экан, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ўз самарасини беради.
Ҳозирда Ўзбекистон Жаҳон банкининг молиявий ёрдами билан қиймати 4,8 миллиард AҚШ долларини ташкил этадиган 27 та лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг мақсади фуқаролар фаровонлигини ошириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдир. Ушбу лойиҳалар тиббиёт ва таълим, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими, сув ва канализация хизматлари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация, мева-сабзавот ва чорвачилик, энергетика ва транспорт, қишлоқ ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, солиқ маъмурияти, статистика органлари, инновацияларни жорий етиш, жамиятдаги аёллар аҳволини яхшилаш, ишбилармонлик муҳити, тадбиркорлик учун шароитлар ва шу каби соҳаларда амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, лойиҳа доирасида жами 17 та МФЙнинг (Хоразм вилояти 8 та, Бухоро вилояти 4 та, Навоий вилояти 3 та ва Қорақалпоғистон Республикаси 2 та) бош режалари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
ЎзА