Лойиҳа: атроф-муҳит муҳофазаси
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Маҳаллаларда ободликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий ва экологик маданиятини ошириш” мавзусида эълон қилинган 5-грант танловида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман бўлинмаси “Обод маҳаллам” номли лойиҳаси билан иштирок этиб, грант соҳиби бўлди.
– Лойиҳани амалга оширишдан мақсад, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишдан иборат, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмаси раиси Баҳодир Болтабоев. –Шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан ҳамкорликда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, аҳолининг экологияга оид билимини кенгайтириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ташкил қилиш, шу орқали ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишдир.

Лойиҳада “Яшил макон” умумиллий дастури доирасида “Тўлқин” овулида 70 сотих, Бобур овулида 20 сотих, “Қум ёп” овулида 20 сотих, “Чойкўл” овулида 20 сотих, “Қиличбой” овулида 10 сотих, “Фаровон” маҳалласида 5 сотих ерда “Маҳалла боғи”ни яратиш назарда тутилган. Мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари талабини аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилади. Аҳоли, айниқса ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиий ресурсларни тежашга даъват қилиш, уларнинг экологияга оид билимини ошириш мақсадида туман “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида иншолар танлови ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилади.

“Амударё" телеканали билан ҳамкорликда “Обод маҳаллам” кўрсатувини ташкил этиб, ҳудудларда санитария ҳолати ва экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб қилинади. “Баркамол авлод” болалар марказининг “Ёш эколог” тўгараги аъзолари иштирокида Беруний туманидаги “Бадай тўқай” қўриқхонасига саёҳат уюштирилади ҳамда “Ёшлар ва табиат” кўрсатуви тайёрланади.
Бир йилга мўлжалланган лойиҳанинг декабрь ойига белгиланган иш режасига мувофиқ, "Қипчоқ" овули ҳудудидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Яшил табиатни асраш – ўз қўлимизда” мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Унда ҳудуддаги 7 та умумтаълим мактабидан жами 24 нафар ўқувчи иштирок этиб, ғолиблар тақдирланди. Шунингдек, 10 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоллари, ҳоким ёрдамчилари, фуқаролар йиғинларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялари раислари иштирокида соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларини аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида учрашув ўтказилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА