Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказмоқда.
Келгусида юртимизда параспорт турлари билан бирга ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини ҳам кенг ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилиши таъкидланди.
Асосий эътибор ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашга қаратилади.
Парижда эришилган натижаларни атрофлича таҳлил қилиб, 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Паралимпия ўйинлари учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Пара атлетларимиз югуриш, ядро ва найза улоқтириш, узунлик ва баландликка сакраш бўйича мусобақаларда жуда фаол иштирок этишди. Энди бундай спорт турларидаги иштирокни янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
Келгуси Паралимпия ўйинларида амалда юксак самара бераётган спорт турлари қаторида пара сузиш ва ўқ отиш каби беллашувлар бўйича ҳам тайёргарлик ва натижадорлик юқори бўлиши учун аниқ стратегия асосида иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Бунинг учун, спортчиларимизга барча шароит яратиб берилиши айтилди.
Хусусан, уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология бўйича ишлар кучайтирилади.
Шунингдек, пара спортчиларимиз билан ишлайдиган спорт психологлари фаолиятини кучайтириш учун уларни рағбатлантириш бўйича алоҳида тизим жорий этилади.
Бунга эришиш учун тегишли вазирлик, спорт федерациялари ҳамда спортчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида махсус дастур ишлаб чиқилади.
ЎзА