Буюк Британия пойтахтида Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди.
Тақдимот мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон ва "Halal Travel" компанияси асосчиси Ҳафса Гахер билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбирда британиялик соҳа мутахассислари, туристик компаниялар ва Ўзбекистонга қизиқиш билдирган сайёҳлар иштирок этди.
Анжуман доирасида ўтказилган тақдимотда Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хива каби шаҳарлардаги қадимий масжид, мадраса, зиёратгоҳ, муқаддас қадамжолар ва тарихий аҳамиятга эга масканлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, мазкур шаҳарлардаги сайёҳлик инфратузилмаси, меҳмонхоналар, "ҳалол" озиқ-овқат хизматлари ва транспорт имкониятлари алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида 25 гектар майдонда ташкил этилган ва ўз ичида шарқона бозор, халқ ҳунармандчилиги ва декоратив-амалий санъат кўргазмаларини бирлаштирган "Арда Хива" туристик мажмуаси ҳақида сўзлаб берилди.
"Halal Travel" компанияси асосчиси Ҳафса Гахер Ўзбекистондаги мавжуд ҳалол меҳмонхоналар, овқатланиш жойлари ва ибодат учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон мусулмон сайёҳлар учун хавфсиз, қулай ва маданий жиҳатдан бой йўналиш экани таъкидланди.
Қайд этиш керак, жорий йилнинг биринчи ярмида Буюк Британиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ошган.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА