Лондонда ўзбек киноси тарихи намойиш қилинди(+видео)
Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган Вестминстер университетида ташкил этилган нуфузли маданий-маърифий тадбирда Фанлар академияси Санъатшунослик институти “Кино санъати ва аудиовизуал тадқиқотлар” бўлими бошлиғи, таниқли киношунос, профессор, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Каримова иштирок этди.
Сафарнинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида “Ўзбек овозсиз киноси тарихидан” номли КИНОЛЕКТОРИЙ медиа-лойиҳасининг махсус намойиши ташкил этилди. Лойиҳа муаллифи сифатида профессор Нигора Каримова Ўзбекистонда кинематографиянинг шаклланиш тарихи, миллий кино санъатининг ривожланиш босқичлари ҳамда унинг жаҳон маданий меросидаги ўрни ҳақида халқаро аудиторияга батафсил маълумот берди.
Тадбир давомида 1924–1935 йилларда суратга олинган ўзбек овозсиз фильмларидан лавҳалар, тарихий афишалар ва ноёб кино материаллари намойиш этилди. Бу эса талабалар, тадқиқотчилар ва маданият ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ўзбек киносининг илк қадамлари, миллий образлар, ўша давр жамияти ва инсон тақдири экран орқали қандай ифода этилгани ҳақидаги муҳокамалар тадбирга ўзига хос илмий ва ижодий руҳ бағишлади.
Сўнгги йилларда миллий кинематографияда янги авлод режиссёрлари, мустақил ижодкорлар ва халқаро фестивалларда иштирок этаётган фильмлар пайдо бўлиши ўзбек киносининг янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатмоқда.
Айниқса, рақамли технологиялар, архивларни реставрация қилиш ишлари ва миллий кино меросини дунё аудиториясига олиб чиқишга қаратилган ташаббуслар ўзбек киносига бўлган қизиқишни янада оширмоқда. Лондонда ўтган мазкур тадбир эса нафақат тарихга назар, балки ўзбек киносининг бугуни ва келажагига бўлган ишонч ифодаси сифатида ҳам аҳамиятли бўлди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/u4zcVjwMYC8?si=-cM2SEfRGTVeZF96" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (монтаж),
ЎзА