Лолазорларни эҳтиёт қилайлик!
“Ёввойи лолалар шунчаки гуллар эмас, улар бизнинг бойлигимиз, бутун дунё лолаларини пайдо қилган генетик бойликдир. Улар Марказий Осиё табиатининг, ғурури, рамзидир”.
Комилжон Тожибоев,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Ботаника институти директори, академик.
Бугун ўлкамизда баҳор фасли ҳукмрон. Тоғларимиз, қир-адирларимизда лолақизғалдоқлар кўзни қувнатиб очиладиган палла. Бу гўзаллик таърифига сўз ожизлик қилади. Аслида ҳам табиатнинг бу мўъжизаси чин маънода гўзаллик, нафосат тимсолидир.
Марказий Осиё лоланинг ватани бўлиб, уларнинг фанга маълум бўлган 100 та туридан 75 таси шу ерда ўсади.
Ўзбекистонда ёввойи лолаларнинг 34 тури учрайди, аксарияти “Қизил китоб”га киритилган. Улардан бештаси – эндемиклар бўлиб, сайёрамизнинг бошқа бирор жойида учрамайди. Лолалар ер безагидир.
Куни кеча, ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган воқеани кузатиб, ғоятда ачиниб кетдим.
Алвон-алвон қизғалдоқзорлар, осмон зангори – кўм-кўк, атроф тўла одам – ёшлар, болалар, қўни-қўшнилар... Уларнинг ўзларини тутишларини кўрсангиз, етмаганига 10-15 нафар бола қизғалдоқзорда копток тепмоқда. Ёш қизлар бўлса, гулларни аёвсиз узиб-юлиб бошларига гулчанбарлар ясаб олган. Энг ачинарлиси эса Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида бир гуруҳ эркаклар томонидан “Nexia”, “Damas”, “Cobalt” автомобилларида қийғос гуллаган қизғалдоқзорларни қасдан пайҳон қилиб, автомобил пойгаси уюштиргани бўлди. Табиатга 6 млн 592 минг сўм миқдорда зарар етказганлиги аниқланган. Яна ижтимоий тармоқда қайси жойда эканлиги ёзилмаган, қизғалдоқзорда бир қиз қизил кастюм-шимда қўлига микрофон олиб, Юлдуз Усмонованинг “Қизғалдоғим” ашуласини айтмоқда, ёнида келган ҳамроҳлари бўлса керак, пул тутқазишаябди.
Она табиатни оёқости бўлаётганини бир кўринг, энди. Хўш, кейин нима бўлишини бир уйлаб кўрдингизми? Албатта, бундай фаросатида нуқсони бор кишиларнинг “базми”дан сўнг табиат бағрига уюм-уюм маиший чиқинди қолдиқлари, елим халталар, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар... ва ҳокозалар мерос қолдирилади. Наҳотки, инсон боласи бундай ишларни қилишдан уялмаса!?
Табиийки, дам олишни, ҳордиқ чиқаришни ҳеч ким таъқиқлаб қўйган эмас. Аммо, табиат қўйнида дам олиш, ҳордиқ чиқариш бунақа бўлиши керак эмас! Экологик маъданият, табиатга бўлган меҳр-шафқат, уни асраб-авайлаш оиладан бошланади. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ҳикмат бор. Вояга етиб келаётган ёш авлод бугунги ижтимоий тармоқлардаги ҳодисаларни кўриб, қандай тарбия олар экан ?..
Таъкидлаш жоизки, қизғалдоқлар билан лолалар гулларнинг алоҳида оила ва туркумларга мансуб турларидир. Қизғалдоқлар – Papaveraceae оиласи – Papver L. туркимига; Лолалар – Liliaceae оиласи – Tulipa L. туркумига мансуб турлардир. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистонда ёввойи лолаларнинг 35 тури ўсади. Шулардан 19 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби” га (2019 йил) киритилган. Буларнинг илмий ҳамда ўзбекча номлари, Введенский лоласи – Tulipa vvedenskyi., Михел лоласи, Дилбанд лола – Tulipa vvedenskyi., Фарғона лоласи, Жавғаза лола – Tulipa ferganica., Леман лоласи, Жавқосин лола - Tulipa lehmanniana., Корольков лоласи –Tulipa korolkovii., Қардош лола, Нурота лоласи - Tulipa affinis., Фостер лоласи – Tulipa focteriana.,Оқ лола – Tulipa orithyioides., Сарғиш лола – Tulipa dasystemon., Тукли лола, Сурхон лоласи – Tulipa lanata., Кауфман лоласи, Тарғил лола – Tulipa kaufmanniana., Туберген лоласи – Tulipa tubergeniana.,Улуғвор лола – Tulipa ingens., Шуҳбали лола, Чипор лола –Tulipa dubia., Чўлбаир лоласи, Пуштагли лола – Tulipa carinata., Ўзбекистон лоласи – Tulipa uzbekistanica., Қизил лола, Грейг лоласи – Tulipa gregi., Шарипов лоласи, Гулбарра – Tulipa scharipovii., Оралиқ лола – Tulipa intermedia. турлари инсонларнинг табиатга кўр-кўрона тазийиқлари туфайли, “Қизил китоб” саҳифаларидан жой олди.
Кечагидай ҳамон кўз ўнгимда... Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти дарғалари – биолгия фанлари доктори, профессор Ўктам Пратов, биология фанлари доктори Каримжон Тойжановлар айни баҳор фасли, чўлларга илмий сафарга отланишимдан олдин, алоҳида тайинлаб: “Қизим, Қизилқум чўлига борасанми, Каттақумгами, Фарғона водийси чўлларигами, эҳтиёт бўлгин, асло қумда ўсиб турган қанақа ўсимлик турлари бўлмасин, гербарий намуналари учун узмагин, улар ўта оғир экологик муҳитда ўсади. Битта ўсимлик турини юлиб олсанг, ўша тур қумларда қайта ўзини тиклай олмайди. Яхшиси, фото аппаратинг бўлса, суратга олгин” дейишарди.
Мана, устозларимнинг наботот оламига бўлган меҳри. Биз, айниқса, шаҳарларда истиқомат қиладиган инсонлар баҳор бошланиши билан табиат қўйнига отланамиз. Гўзаллик бизни ўз бағрига чорлаётгандай бўлаверади. Атайлаб бордик, кўрдик, завқ ҳам олдик дейлик. Лекин лолаларни узиб, теришга, бир лаҳзалик қувончни деб уларнинг бағрини қон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Улар табиат неъмати. Шунчаки, пайҳон қилишга, йўқ қилишга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган.
Лекин, афсуски, ҳар баҳор бу хунук ҳодиса қайта-қайта такрорланаверади. Кимдир лолазорни пайҳон қилаётгани, яна кимнидир лолақизғалдоқларни мажақлаётган лавҳаларга кўзимиз тушаверади. Ҳар бир узилган гул – бу йўқ қилинган ўсимликдир.
Боғ лолаларидан фарқли ўлароқ, ёввойи лола секин кўпаяди. Популяциянинг тикланиши учун йиллар, баъзан ўн йиллар керак бўлади. Куни кеча Тошкент вилояти Экалогия ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополиция ходимлари томонидан Оҳангарон тумани тоғли ҳудуларида экологик назорат ўтказилиши натижасида ишбу ҳудудда ёввойи ҳолда ўсиб кўпаювчи лола гулларни 4 нафар фуқаро томонидан ноқонуний териб, катта йўл ёқасида сотиш билан шуғулланаётгани маълум бўлди, ўсимлик дунёсига зарар етказган фуқароларга нисбатан МЖтК нинг 81 – моддаси 1 – қисмига асосан маъмурий баённома тузилиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга 2.060.000 сўм миқдорда жарима чораси қўлланилган. Хўп, табиатга етказилган моддий зарарлар қонуний йўл билан қопланади. Бироқ, ўсиб турган жойидан узиб олинган, лолаларнинг хазон бўлган умрини ҳеч ким қайтариб бера олмайди.
Қизғалдоқлар
Шу ўринда Экология вазирлиги ва Иқлим ўзгариши Бош бошқармаси Экополиция ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Суратлар ижтимой тармоқлардан олинди.
Марҳамат Матвафаева,
биология фаналари номзоди,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.
ЎзА