
Қарши давлат университети ҳузурида яқиндагина ташкил этилган “Лочин” футбол клуби жамоаси қисқа фурсатларда ўзининг курашувчан ўйини ва таассуротларга бой натижалари билан кенг жамоатчиликнинг эътиборини қозонишга улгурди.
Жамоанинг натижаларига тўхталадиган бўлсак, 2022 йилдан буён Қашқадарё вилояти кубогини кетма-кет уч маротаба қўлга киритган, шунингдек, вилоят ҳокими кубогини ҳам бир марта ғалабали тарзда эгаллаган. Иккинчи лига мусобақаларида ҳам фаоллик кўрсатиб, юқори натижаларга эришди. Албатта, бу ютуқлар тасодиф эмас уларнинг замирида тинимсиз меҳнат, қатъиятли саъй-ҳаракат ва профессионал ёндашув ётади.

2023 йил апрель ойи бошларида Қарши давлат университети ректори, профессор Дилмурод Набиев ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) бош директори Диёр Имомхўжаев ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида “Лочин” клуби расман ЎзПФЛ аъзосига айланди. Бу жамоага Ўзбекистон кубоги ва Биринчи лига мусобақаларида қатнашиш имкониятини яратди ва у ҳар икки фронтда ҳам кучли ҳаракатлар намоён этмоқда.
Биринчи лигада “Насаф Фарм”, “Каттақўрғон” ва “Навоий футбол академияси” жамоаларини мағлуб этган “Лочин” жамоаси “БухДУ” билан дуранг ўйнаган ҳолда гуруҳда пешқадамликни сақлаб келмоқда. Ўзбекистон кубоги доирасида “Сурхон” ва амалдаги кубок соҳиби “Андижон” устидан қозонилган ғалабалар эса сенсация сифатида баҳоланиб, жамоани мусобақанинг кейинги босқичига олиб чиқди.

“Лочин”нинг олдига қўйган улкан мақсадларидан бири – Пролигага йўлланмани қўлга киритиш ва кубок беллашувларида имкон қадар олдинги босқичларгача етиб бориш. Бу йўлда университет раҳбарияти, хусусан, ректор Дилмурод Набиев томонидан спортни қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма яратиш ва иқтидорли ёшларни рағбатлантириш бўйича амалга оширилган ишлар жамоа ютуқларининг асосий омилларидан биридир.
Шунингдек, университетнинг спорт соҳасидаги юксалишлари волейбол йўналишида ҳам намоён этилмоқда. Яқинда “Лочин” волейбол клуби Ўзбекистон чемпионатининг якуний финал босқичига йўлланма олди. Бу мусобақада илк бор иштирок этаётган жамоанинг ёш ва иқтидорли аъзолари тажрибали жамоаларнинг эътирофини қозонмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири