Ливан жанубида олти киши ҳалок бўлди
Ливан жанубида ўт очишни тўхтатиш тартиби бузилиб, Исроил ҳужумида олти киши ҳалок бўлди. Бу воқеа минтақадаги беқарорликни яна бир бор таъкидлади.
Исроил армияси расмий баёнотига кўра, пайшанба куни Ливан жанубида амалда бўлган ўт очишни тўхтатиш тартиби бузилиши асносида уюштирилган ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлган. Ҳарбийлар даъво қилишича, қурбонлар “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати аъзолари бўлиб, Завтар ал-Шарқия шаҳарчаси ва Али ат-Тоҳир тепаликларида жойлашган Исроил қўшинига бевосита хавф туғдирган. Бинобарин, ўлдирилганлар шахси ёки улар томонидан муайян таҳдид мавжудлигини тасдиқловчи бирор далил тақдим этилмаган. Ҳозирча воқеа юзасидан “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ёки Ливан ҳукумати расмий муносабат билдиргани йўқ. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Ливан томони расмий статистикасига кўра, 2025 йил 2 мартидан буён Исроил уюштирган узлуксиз ҳужум туфайли 4 200 инсон ҳаётдан кўз юмган, 12 000 дан зиёд одам турли даражада тан жароҳати олган. Исроил армияси Ливан жанубидаги айрим стратегик ҳудудларни ҳамон ишғол қилиб турибди. Айрим ҳудудлар бир неча ўн йилдан бери назорат қилинаётган бўлса, қолганлари 2023-2024 йиллардаги шиддатли уруш даврида эгалланган. Сўнгги кенг кўламли ҳарбий амалиёт давомида Исроил қўшини Ливан чегараси ичкарисига 10 километрдан ортиқ кириб борган.
Эслатиб ўтиш жоиз, яқиндагина АҚШ ва Эрон ўртасида Яқин Шарқда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга қаратилган англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат бир неча фронт, жумладан Ливан ҳудудида ҳам ҳарбий ҳаракат бутунлай тўхтатилишини назарда тутган. Афсуски, жанубий чегарада содир бўлаётган доимий тўқнашув тинчлик келишувига қарамай, минтақадаги вазият ҳамон ниҳоятда қалтис ва беқарор бўлиб қолаётганидан далолат.
Ф.Яхшибоева, ЎзА