Литвада Озодлик ҳимоячилари куни нишонланмоқда
Бугун Литвада 1991 йил январь фожиалари қурбонлари ёдга олинмоқда. Ўшанда Вильнюс шаҳрида 14 киши ҳалок бўлган, кўпчилик жароҳат олган эди.
1990 йил 11 мартда Литва Олий кенгаши республика мустақиллиги қайта тиклангани ҳақидаги қарорни эълон қилди. Собиқ иттифоқ ушбу қарорни иттифоқ конституциясига зид ҳужжат, деб маълум қилди.
Можаро кучая бошлади ва 1991 йил январда Литвада рухсат берилмаган норозилик намойишлари бошланди. Натижада республикага махсус бўлинмалар, жумладан, “Альфа” гуруҳи жангчилари сафарбар этилди.
Ҳарбийлар қатор стратегик объектларни эгаллашга муваффақ бўлди. 13 январь куни кечқурун Вильнюсдаги ҳарбий шаҳарчадан ҳарбий техникалар карвони шаҳар марказига қараб юра бошлади.
Ушбу воқеалар тунги соат 00.02 гача телевидение орқали намойиш қилиб борилди. Шундан сўнг ҳарбий техникалар шаҳар телемаркази биноси ва телеминорани ўраб олди.
Худди шу ерда ҳарбийлар билан тинч аҳоли ўртасида тўқнашувлар бошланди. Натижада 14 киши қурбон бўлди, 600 дан зиёд намойишчи жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар орасида «Альфа» гуруҳи вакили ҳам бўлган.
Шундан буён 12-13 январь кунлари Литвада Озодлик ҳимоячилари куни ўтказилади. Шу кунлари мамлакатда турли хотира тадбирлари, сайиллар ва митинглар ташкил этилади. Мактабларда ватанга садоқат ва фидойилик мавзуларига бағишланган дарслар, кўргазмалар бўлиб ўтади.