Литвада Ўзбекистон маърифий маркази очилди
Литванинг Висагинас шаҳридаги Ижтимоий хизматлар маркази ҳузурида Ўзбекистон маърифий маркази очилди.
Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, Навоий вилояти ҳокимлиги, «Ватандошлар» жамғармаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси делегациясининг Висагинасга ташрифи доирасида ушбу марказнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистоннинг Литвадаги элчиси Қадамбой Султонов, Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Муҳиддин Бозоров ва Висагинас шаҳри мэри Эрландас Галагуз иштирок этди.
Ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналарини оммалаштириш ҳамда ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу лойиҳа Ўзбекистон элчихонаси томонидан Литвадаги Ўзбек маданияти маркази билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилди. Марказда ўзбек тили, мамлакатимиз тарихи ва анъаналари ҳамда ўзбек адабиёти вакиллари, олим ва мутафаккирларининг ижодий фаолиятини ўрганиш бўйича курслар, шунингдек, ўзбек миллий байрамларига бағишланган тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Тадбир чоғида Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, чет элда ишлаётган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.
Мамлакатни ривожлантириш жараёнларига ватандошлар салоҳиятини кенг жалб этиш, маданий-гуманитар, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар меҳмонларнинг эътиборига ҳавола қилинди. Марказга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан юборилган китоблар тақдим этилди.
Тадбир доирасида ушбу марказнинг қўшимча ўқув материалларига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш бўйича келишиб олинди.
ЎзА