Литва ва Латвия ташрифи самарали бўлди
Навоий шаҳри ҳокими Муҳиддин Бозоров раҳбарлигидаги делегация аъзолари ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида Литва ва Латвия республикаларида бўлиб қайтди.
Улар дастлаб Литванинг Висагинас шаҳрида Ўзбекистон Миллий маданият марказининг очилиш маросимида иштирок этди. Тантанали маросимда мазкур маданият маркази кутубхонасига навоийликлар номидан китоблар жамланмаси совға қилинди.

Навоий шаҳри ҳокими М. Бозоров ва Висагинас шаҳри мэри Эрландес Галегас ўртасида бўлиб ўтган учрашув доирасида ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Музокаралар якунига кўра, Литва Республикасининг Висагинас ва Навоий шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур меморандумда Навоий шаҳри ва Висагинас шаҳарлари аҳолиси манфаатларини бирлаштириш, ҳар иккала шаҳар фуқаролари фаровонлигини асосий устувор йўналиш сифатида белгилаш, турли соҳаларда мунтазам равишда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш асосий йўналиш сифатида белгиланган.

Ташриф доирасида делегация аъзолари бош қароргоҳи Вильнюс шаҳрида жойлашган Ўзбек-Литва савдо уйи вакиллари билан учрашди. Литвада фаолият юритаётган ўзбек сармоядорлари томонидан асос солинган ушбу мажмуада инвесторлар билан Навоийда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш масаласи муҳокама этилди ва манзилли режалар, дастурлар белгилаб олинди ҳамда бир қатор ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.

Шунингдек, делегация Латвия Республикасининг Рига шаҳрида бўлиб, Ўзбекистоннинг Литва, Латвия, Эстония ва Финландиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Қ.Султонов ва Рига шаҳридаги “Ватандошлар” жамияти раиси билан учрашувлар ўтказди.
Ўткир Ўсаров,
Навоий шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари
ЎзА