“Лаззатли Ўзбекистон” китоби ҳамда “Ўзбек нонуштаси”нинг тақдимоти ўтказилди
Жамоат ташкилотларининг туризм равнақига қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизми асосида 2018 йилда тўртта ННТга 1 миллиард 580 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 2 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.
Жамоат ташкилотларининг туризм равнақига қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизми асосида 2018 йилда тўртта ННТга 1 миллиард 580 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 2 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.
Бу ҳақда пойтахтимизда ўтаётган “Ипак йўлида туризм“ XXV халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасидаги “Туризм соҳасида фаолият юритаётган жамоат ташкилотларини институционал қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилинди.
Тадбирда туризм соҳасидаги жамоат ташкилотларини институтционал қўллаб-қувватлаш натижалари бўйича тақдимот ўтказилди. Қувонарлиси, бу каби амалий саъй-ҳаракатлар натижасида давлатнинг туризм соҳасида бир қатор функциялари босқичма-босқич жамоат ташкилотларига ўтмоқда. Жумладан, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган “Меҳмоннавозлик мактаби” лойиҳаси доирасида туристларга хизмат кўрсатувчи 150 дан ортиқ ходимларнинг малакаси оширилди. “Лаззатли Ўзбекистон” 2019 (Delicious Uzbekistan) Халқаро кулинар чемпионати ўтказилиб, унда 30 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан 200 га яқин халқаро тоифадаги пазандалар иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси А.Умаров ва Ўзбекистон гастрономик туризми ассоциацияси раиси Г.Одиловалар ўзларининг “Лаззатли Ўзбекистон” китоби ҳамда “Ўзбек нонуштаси”нинг тақдимотини ўтказди.
Ярмарка доирасида Ўзбекистон Гидлар уюшмасининг ҳам чиқишлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Гидлар уюшмаси жорий йилнинг 19 февралда ташкил этилган бўлиб, гидларни бирлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, соҳани ривожлантириш, хизматлар кўламини кенгайтириш, гидлар хизматлари сифатини яхшилашда ҳамкорлик қилиш каби вазифалар билан шуғулланмоқда.
Уюшма қисқа фурсатда I Халқаро Ўзбекистон - Ҳиндистон гидлар конгрессини ташкил этди. Наманган вилояти “Арашан кўли” бўйича турмаршрут ишлаб чиқилиб, гидлик касбига қизиққан ёшлар билан учрашувлар ўтказилди. Франция русийзабон гидлар уюшмаси, Испания миллий гидлар уюшмаси, Ҳиндистон гидлар федерацияси, Туркия гидлар ассоциацияси “TUREB” билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Айни вақтда мамлакатимизда гидларни тайёрлаш бўйича Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларида миллий мактаблар фаолият олиб бормоқда. Гидлар ҳар йили малака ошириш курслари ва ҳар уч йилда аттестациядан ўтказилади. Тайёрлов курсларига олий маълумотли номзодлар қабул қилинади. Курслар дастури халқаро талабларга асосан ишлаб чиқилган. Франция элчихонаси билан ҳамкорликда гидлар учун ҳар йили тил билиш маҳоратини ошириш бўйича курслар ташкил этилади.
“Ипак йўлида туризм“ 25-халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасидан бу каби кўплаб семинарлар ва маҳорат дарслари ўрин олган.