Латвия Ўзбекистоннинг энг фаол савдо ҳамкорларидан биридир
Ўзбекистон-Латвия ҳукуматлараро комиссиясининг илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва Латвия деҳқончилик вазири Каспарс Герхардс раислигида онлайн форматда ўтказилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг соҳага доир вазирлик ва идораларидан масъуллар иштирок этди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, томонлар ўртасида савдо-иқтисод, туризм, таълим, транспорт-логистика соҳалари, ахборот-коммуникация технологиялари ва инновациялар, стандартлаштириш ва фитосанитария тармоқлари ҳамда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳамда чорвачилик жабҳаларида ҳамкорлик ва инвестициялар масалалари муҳокама қилинди.
- Латвия Европа давлатлари орасида Ўзбекистоннинг энг асосий ва фаол савдо ҳамкорларидан биридир, - деди Ж.Хўжаев. - Пандемия товар айланмасининг тушишига ўз таъсирини ўтказди, аммо ушбу кўрсаткични бир неча баробар оширишимизга ишонаман. Экспорт ва импорт хажмларини баланслаштириш муҳим.

Ўзбекистон Латвия бозорининг тўқимачилик саноати товарлари, кўнчилик ва чарм маҳсулотлари, минерал ўғитлар, янги ва қуритилган мева-сабзавотларга бўлган талабини қондира олади. Ўз навбатида, Латвиядан ёғоч-тахта ва ундан ишланган буюмлар, дон ва ундан қайта ишланган маҳсулотлар, мебель аксессуарлари, ёритувчи асбоблар, тиббиёт ускуналари, оптика жиҳозлари, сут маҳсулотларини ҳарид қилишга тайёрмиз.
Ҳар икки давлат ҳам салмоқли экспорт салоҳиятига эга. Қайд этилишича, савдо миссияларини фаоллаштириш, савдо уйларини очиш, ўзаро етказиб бериш учун истиқболли маҳсулотлар рўйхатларини мунтазам алмашиш икки томонлама товар айланмасини оширишда катта роль ўйнайди.
Тадбирда томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликка келишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА