Куз сайри – хазон сайри
Агар китобнинг ушбу воқеалар баёнига диққат қилсак, хазон сайрига чиқишдан аввал, яъни душанба куни чоғроққина бир ҳужрада суҳбат бўлиб ўтади.
Мумтоз адабиётимиз намояндалари ўзларининг шеърий ёки насрий асарларида йилнинг тўрт фасли билан боғлиқ манзаралар, бу фасллар туғдирган кайфият ва илҳом лаҳзаларига бағишлаб гўзал тасвирлар яратишган, бениҳоя тўлқинланиб, ўзлари олган илҳомни, завқни, ҳайратни яширмай, юксак бадиий пардаларда тараннум этишган, ҳозирги адабиётшунослик тили билан изоҳлаганда пейзажнинг бетакрор кўринишларини ижод қилишган. Алишер Навоийнинг “Муншоат” асарида жамланган 107 та мактубдан тўрттаси тўрт фаслга атаб ёзилган ва учинчисини у айнан куз фаслига бағишлаган. Улуғ шоир мазкур мактубида кузни васф қилиб бир рубоий, учта маснавий битган. Олтин кузни назмда:
Не хазонида барг айшини соч,
Юз уза заъфарон дўконин оч,
деса, насрда “Мундоқ фаслки, ҳеч фасл нишотға мундин лойиқроқ эмас ва мундоқ вақтки, ҳеч вақт айшқа мундин мувофиқроқ киши нишон бермас”, деб навоиёна таърифлайди.
Даҳо сўз устаси Бобурнинг “Бобурнома” асарини мутолаа қилар эканмиз, мазкур тўрт фасл ҳақидаги ҳаққоний, таъсирли манзараларга гувоҳ бўламиз, айниқса, “Бобурнома”да битган хазон сайри – куз сайри ҳақидаги манзара ва воқеалар баёни ғоят қизиқарли. Табиатнинг ошиғи бўлган Бобур “Бобурнома”да куз фасли ҳақидаги сайрни – хазон сайри номи, бирикмаси остида шу фаслга хос айрим ноёб манзараларни маҳорат билан тасвирлаган. Қизиғи шундаки, манзарани адабиётшунос олим Ё.Исҳоқовнинг услуб ҳақидаги назарий фикрлари билан баҳоласак, туркона ҳамда классик услубни қўшган ҳолда, яъни бобурона услубда тасвирлаган ҳам, таъбига лойиқ улфатлари билан ушбу хазон сайрига чиқишни уюштирган ҳам, сарфу харажат қилган ҳам, таъсирланган ҳам, тасвирлаган ҳам шоҳ ва шоир Бобурнинг ўзидир. Шу боис, хазон сайри воқеалари ва манзаралари баёни асарда чуқур самимият билан битилганки, уларни асардаги энг табиий воқеа, манзара ва пейзаж тасвирларидан бири дейилса, асло хато бўлмайди. Масалан, у Истарғачдаги боғни кезар экан, бир олма дарахти билан боғлиқ хазонга кўзи тушади ва кўзлари қувнаб, “...бир олма ниҳоли яхши хазон бўлуб эди, ҳар қайси шохида беш-олти барг сиёҳ била қолиб эди, андоқким агар наққошлар такаллуф била тортсалар, онча торта олмағай эдилар”, деб лутф қилади. Эътиборли жиҳати, ушбу манзарага Бобур юксак санъаткорона нигоҳ билан боқади ва шу лаҳзадаёқ қиёс учун мусаввир ишини ҳам эслаб, Оллоҳ яратган бундай ҳайратомуз табиий манзарани энг моҳир мусаввир ҳам чизиши амримаҳол эканига нозик ишора қилиш билан бирга, китобхонга қарата гоҳида ҳаётдан, табиатдан, куздан завқланиш кераклигини ҳам эслатган ва ён-атрофни кузатишни ўргатгандек бўлади.
“Бобурнома”нинг 1518–1519 йил воқеалари баёнида Бобурнинг атрофи хушманзара, баҳаво, шарқираб оққан сойлар ва мевазор боғлари билан машҳур, бугунги тил билан айтилса, экотуризмга бой Исталиф, Беҳзодий, Истарғач (Кобул вилоятидаги кентлар)га чиққан хазон сайри – куз сайри ҳақидаги ҳаётий воқеани ўқиймиз. Маълум бўлишича, Бобур бир муддат кишилардан ажралиб, давлат ишларидан чекиниб, хазон сайрига отланади. Фикримизча, бошқа ҳукмдорлар ҳам куз сайрига чиққандир, аммо хазон сайридан олган ўз таассуротларини шеърда ёки насрда баён қилишга сўзи, қалами ожизлик қилган бўлса не ажаб! Бобурнинг ёзишича, хазон сайри душанбадан шанбагача, яъни дастлаб Кобул вилояти атрофидаги Исталиф, Беҳзодий кентларида, кейин Истарғачда бўлиб ўтган.
Агар китобнинг ушбу воқеалар баёнига диққат қилсак, хазон сайрига чиқишдан аввал, яъни душанба куни чоғроққина бир ҳужрада суҳбат бўлиб ўтади. Суҳбатда Бобурнинг яқинларидан ўн олти киши қатнашади. Бобурнинг хазон сайрига чиқиш режаси аввалдан бўлса-да, ушбу мажлисда у бир қарорга келади ва эртаси куниёқ хазон сайрига отланади: “Душанба куни хазон сайрига Исталифға борилди. Бу кеча ёмғур бисёр ёғди. Менинг била келган беклар ва ичкилар аксар менинг чодиримғаким, Боғи Калоннинг ичида тикилиб эди, кирдилар. Тонгласи ушбу боғда чоғир мажлиси бўлди... намози пешин Исталифдин отланиб... Намози дигар бўла Беҳзодийға келдук. Хазонлар асру кўб бўлуб эди. Ҳазон сайри асносида чоғирға мойил ҳарифлар чоғир ангизи қила бошладилар... Чун хазонлар асру хўб бўлуб эди, хазон бўлғон дарахтларнинг тубида ўлтуруб, чоғир ичилди”.
Ҳаёт ва табиат гўзалликларининг тажассуми сифатида гавдаланган бу сингари тасвирлар, бир томондан, “Бобурнома”нинг чуқур ҳаётий мазмунидан, ундаги ўта ҳаққоний тасвирдан хабар берса, иккинчи томондан, инсон ўн саккиз минг олам билан мустаҳкам боғлиқ эканини кўрсатиб, эслатиб туради. Асарда ифодаланган манзара ва ҳолат “Бобурнома”нинг энг яхши, сара тасвирлари жумласидан бўлиб, мазкур тасвирлар қайсидир маънода Бобур шахсини очишга ҳам хизмат қилади.
Одам йиғилган даврада баланд-паст гап-сўзлар бўлиши табиий ҳол бўлганидек, хазон бўлган дарахт остида кечган гурунгда шундай паст-баланд гап бўлиб ўтади. Яъни хазон сайрига келганлардан бири Абдулла Китобдор маст ҳолда Мулла Маҳмуд Халифага ноўрин гап айтади. Тил балосидан андиша ва изтиробга тушган Абдулла Китобдор ўзининг ноўрин гапи учун ундан узр сўрайди. Бобур Чорбоққа қайтади: “Намози хуфтанғача ўшул ерда-ўқ суҳбат эди. Мулло Маҳмуд Халифа (Бобурнинг фиқхдан дарс олган устози – Б.Р.) келди. Ани ҳам суҳбатға чорладук. Абдулло хейли маст эди. Халифа тарафидин бир сўз чиқти. Мулло Маҳмудтин ғофил бу мисраъни ўқудиким:
Бар ҳар ки бингари, ба ҳамин доғ мубталост.
(Таржимаси: Кимга қарасанг, шу дардга мубталодир).
Мулло Маҳмуд ҳушёр эди. Абдуллоға ҳазл тариқи била бу мисраъни ўқуғон жиҳатидин тааррузлар қилди. Абдулло воқиф бўлуб, изтироблар қилиб, хейли ширин гуфтгўлар қилди”. Агар хазон бўлган дарахт остида бўлган воқеа баёнига диққат қилсак, Абдулла китобдор, Мулла Маҳмуд Халифа ўртасида кечган воқеа, гап-сўзлар тасвирида муаллифнинг хазон сайри ҳақидаги тасвир, таассуротлари гўё иккинчи даражага тушиб, Абдулла китобдор ва Мулла Маҳмуд Халифа муносабатини кузатиш гўё олд ўринга чиққандек туюлади, чунки бу лавҳада адиб сифатида атрофидаги одамлар билан боғлиқ майда деталларни кузатишдан сира чарчамаган Бобур шахси яна бир карра очилади. Хазон сайри бўлгани учунми, у икки мулозимининг муносабатига очиқ фикр билдирмайди, яъни бирини оқлаб, бошқасини қораламайди. Аммо биламизки, китобда бу каби ҳолатларни, муносабатларни ёзганда муаллиф ўз муносабатини очиқ айтиб ўтган ўринлар ҳам талайгина.
Бобур яна хазон сайрига чиқади. Ҳаммаси режа асосида. Ўзи билан юз шоҳрухийни олади. Сабаби, у тўхтамоқчи бўлган хонадон эгаси Турдибек камбағал яшайди, уни ташвишга ёки хижолатга қўймоқчи эмас. Мазкур лавҳада ҳам шоҳ ва шоир Бобурнинг мардона, шоҳона шахси очилади ва биринчидан, ёдимизга мемуарнинг бошқа воқеалар баёнида мулк эгалари ёки ворисларини рози қилиб, ҳақини тўлаб сотиб олдим деб битилган изоҳ, хабарлар келса, иккинчидан, банданинг ҳаққини билиш, рози қилиш, пешона тери қуримасдан иш ҳақини тўлаш ҳам одамларни қадрлашнинг, севишнинг, яхшилик қилишнинг энг гўзал, юксак намунаси эканини уқтиради. Чунончи: “Панжшанба куни хазонлар сайри қилиб, кеч намози шом Чорбоғқа келиб туштум. Шанба куни, ойнинг ўн саккизида Чорбоғдин тун яримида отландим, тунқатор ва ахтачини ёндурдум. Мулло Бобонинг кўпругидин ўтуб, Деварин тангиси била чиқиб, Қуш Нодир ва бозорларнинг коризи била Хирсхона орқасидин эврулуб, эрта суннат вақтида Турдибек Хоксорнинг коризиға келдим. Турдибек хабар топиб, изтироб била югуруб чиқти. Турдибекнинг қаллошлиғи маълум эди. Ўзум била юз шоҳрухий олиб бориб эдим. Турдибекка бердим, дедимким, чоғир ва асбоб тайёр қилғилким, хилват ва лавандона (бўш: ялқов, дангаса; бекорчи) суҳбат тутар хаёлим бор. Турдибек чоғир учун Беҳзодий (Кобул вилоятидаги кент, отда бир кунлик йўл) сари борди. Отимни Турдибекнинг қўлидин бир қўлга йибордим. Ўзум коризанинг орқасида бир пуштада (тепа, баландлик) ўлтурдум. Бир пос (соқчи, қоровул) бор эди ким, Турдибек бир кўза чоғир келтурди. Икковдин-икков ичмакка машғул бўлдук. Турдибек чоғирни келтурурда Муҳаммад Қосим барлос ва Шаҳзода воқиф бўлубтурлар. Мендин холи энди Турдибек сўнгича яёқ келдилар, суҳбатға чорладук... Хаёлимда бу эдиким, элни ғофил қилиб, ёлғуз отланиб, Истарғачға борғайман. Эл воқиф эди, муассар бўлмади.
Охир нақора вақтида отландим. Турдибек била Шоҳзодаға хабар қилиб, учовлон отланиб, Истарғач сари мутаважжиҳ бўлдук. Фарз вақтида Исталифнинг оёғи Хожа Ҳасанға еттук. Бир замон тушуб… хазон сайри қилдук. Офтоб чиқа Исталиф боғиға тушуб, узум еб, отланиб, Истарғач тавобиндин Хожа Шиҳобға тушуб уйқуладук. Ота Мирохўрнинг уйи ул орада экандур. Уйғонғунча ош пишируб, бир кўза чоғир ҳозир қилибтур. Хейли яхши хазон эди. Бир неча пиёла ичиб, отландук. Намози пешин Истарғачда бир яхши хазонлик боғда тушуб, суҳбат тутулди. Бир лаҳзадин сўнг Хожа Муҳаммад Амин келди. Ул куни ва оқшоми Кобулдин Абдулло, Асас, Нурбек, Юсуф Али келдилар. Сабоҳи ош еб отланиб, Истарғачнинг оёғидаги подшоҳий боғини сайр қилилди... Истарғачдин отланиб, Хожа Ҳасанда ош еб, намози шом Беҳзодий келиб, ...Тонгласи, сешанба куни Кобул чорбоғиға келилди”.
Кўплаб таниқли ижодкорлар ижодини кузатганимизда, донишманд куз фасли ҳақидаги шеърлар талай эканини кўрамиз, аммо биз кузатган ижодкорлар ижодида хазон сайри – куз сайри ҳақидаги тасвирга деярли кўзимиз тушмади. Демак, Бобур яратган хазон сайри тасвири ягона ва бетакрор поэтик тасвир сифатида таҳсинга лойиқ ҳамда мазкур хазон сайри тасвирини алоҳида янги мавзу дейиш ҳам мумкин.
Буробия РАЖАБОВА,
адабиётшунос олима