Жиззахда куз-қиш мавсумига тайёргарлик мавзусида вилоят ишчи гуруҳи штабининг вазифаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалардаги якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фондини 2024-2025 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича долзарб муаммоларнинг ҳал этилишини таъминлаш ва таҳлилий ишларни олиб боришда ишчи гуруҳи штабининг вазифалари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Тадбирда ишчи гуруҳи штабига юқорида номлари саналган объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, истеъмолчиларга электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир маҳсулотлари, иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб берилиши ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган кунлик ишларни умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш вазифалари юклатилгани уқтирилди.

Ишчи гуруҳ штаби мунтазам равишда ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалардаги якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фонди иситиш тизимларини барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича долзарб муаммоларни ҳал этиш борасидаги ишларнинг ҳолатини жойига чиқиб ўрганади ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича вилоят ишчи гуруҳига таклифлар киритади.
Вилоятда электр ва табиий газ қурилмаларини таъмирлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, маҳаллалардаги якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фондига ёқилғи ресурсларини узлуксиз етказиб бериш ишларининг кунлик мониторингини юритади.

Ҳар ҳафтада камида бир маротаба аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига, маҳаллалардаги якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фондига, бошқа тоифадаги истеъмолчиларга зарур миқдорларда энергетика ресурсларини етказиб бериш бўйича танлов асосида жойларга чиқиб ўрганишлар олиб боради ва унинг натижалари бўйича ажратилган ресурсларни етказиб бериш юзасидан вилоят ишчи гуруҳига таклифлар беради.
Ўтган йилдаги куз-қиш мавсумида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда такрорланмаслик ҳолатларининг олдини олиш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Шунингдек, тасдиқланган параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кунлик ишларни таҳлил қилади ва ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилмаётган соҳалар ва мутасаддилар ҳақида вилоят ишчи гуруҳи раҳбариятига мунтазам равишда маълумотлар киритиб боради.
Семинарда халқнинг розилигига эришиш, шунингдек, боғча болалари, ўқувчи ва талабалар, беморлар ҳамда ишчи-хизматчилар учун қулай шароит яратиш муҳим вазифа экани алоҳида таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари