Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилмоқда
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ўзининг ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлиги билан мамлакатнинг муҳим ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳисобланади. Заводнинг барқарор ишлашини таъминлашда мавсумий режали таъмирлаш ишлари катта аҳамиятга эга.
Заводда 2024-2025 йилги куз-қиш мавсумида барча муҳандислик коммуникациялар ва технологик ускуналарнинг мунтазам ишлашини таъминлаш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар заводда муҳим таъмирлаш ва тиклаш ишлари қаторида 6 та буғ қозони техник кўрикдан ўтказилди, 9 та сиғим тозаланди. Шунингдек, 110 метр электр тармоғи қайта тикланиб, 7 та трансформатор ва 25 та дизель электр станцияси таъмирдан чиқарилди.
Бундан ташқари, заводда 200 метр кабель эстакадаси, 1710 метр иссиқлик тармоғи таъмирланиб, 345 метр иссиқлик тармоғи изоляция қилингани ҳолда 7 та газ тақсимлаш пункти техник кўрикдан ўтказилди. Ҳудудда 1440 метр сув тармоғи таъмирланиб, 36 та автоматик улаш қурилмаси ишчи ҳолатида экани текширилиб камчиликлар тузатилди.

Бу жараёнда барча зарурий моддий-техник ресурслар ва эҳтиёт қисмлар тайёр ҳолатга келтирилган. Бундан кўзланган мақсад эса, жорий мавсумда заводнинг узлуксиз ва ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.