Куз-қиш мавсумига тайёргарлик давом этмоқда
Совуқ кунлар яқинлашгани сари жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадаллашади. Вақт ғанимат, коммунал тизим тармоқларида барча носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, олдинда турган мавсумни беташвиш ўтказиш муҳимдир.
Хусусан, Тошкент вилояти электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш, узлуксиз ишлашини таъминлаш ва аҳолига бу борада қулайлик яратишга қаратилган ишлар давом этмоқда. Бунинг учун барча туман-шаҳарларда аҳолини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш учун тезкор бригадалари 24 соатлик иш режимига ўтказилган.

2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 621 нафар ходимдан ташкил топган 98 та таъмирлаш бригадалари ташкил этилди. Уларга 46 та махсус техника ва 120 та автомашиналар бириктирилган. Айниқса, маҳаллаларда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Зангиота ТЭТ тасарруфидаги трансформатор пунктлари кўрикдан ўтказилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар ташкил қилинди. Ҳозир мазкур туманда жами 23 дона трансформатор пунктлари ва 26 километр электр узатиш тармоқлари таъмирланди. Шу билан бирга, 5 дона трансформатор пункти янги ўрнатилиб, 1,5 километр электр узатиш тармоқлари модернизация ва реконструкция қилинди. Бош прокуратура Ишчи гуруҳи томонидан қўшимча ишлар ташкил қилиниб, тумандаги 176 дона яроқсиз ёғоч таянчлар алмаштирилди.

Амалга оширилган таъмирлаш ҳамда модернизация ва реконструкция ишлари натижасида тумандаги 2 минг 89 нафар истеъмолчи ҳамда 45 та улгуржи истеъмолчининг электр таъминоти янада яхшиланди. Масалан, “Балиқчи” маҳалла фуқаролар йиғинида 560 та хонадон бўлиб, “Оғир ҳудуд” тоифасига киритилган. Аҳоли кўп вақтдан бери электр таъминотидаги муаммолардан қийналар эди. Эндиликда бунга ечим топилди.

– Илгари совуқ кунлар бошланса айрим маҳаллаларда электр ўчиб, трансформаторлар талабга жавоб бермай қоларди. Шу туфайли жойлардаги “Балиқчи”, “Бўстон”, “Ҳаракат” ва “Рамадон” МФЙларда ўрганишлар олиб борилди. Аҳоли мурожаатлари асосида таъмирлаш ва янгилаш ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш бугун соҳа вакилларининг асосий бурчи бўлиб, салмоқли ишлар нафақат ҳар бир маҳаллада балки туман-шаҳарлар бўйлаб йил охиригача давом этади, – дейди Зангиота тумани Электр таъминоти корхонаси раҳбари Комилжон Эргашев.
А.Мусаев, ЎзА.