Куз-қиш мавсумига ҳозирлик депутатлар эътиборида
Айни кунларда ҳаво салқинлаб, куз нафаси уфурмоқда. Ҳадемай, унинг ортидан қиш ҳам етиб келади. Бу эса турар жойларни, айниқса, ижтимоий соҳа объектларини, коммунал тармоқларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш чораларини ўз вақтида амалга оширишни тақозо этади.
Бу борада барча ҳудудда тегишли мутасаддилар томонидан зарур ишлар амалга оширилмоқда. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларининг бориши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳам доимий эътибор ва назоратида бўлиб турибди. Халқ вакиллари ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан олиб борилаётган ишларни кўздан кечириб, зарур амалий кўмакларни кўрсатишга эътибор қаратишмоқда.
Айниқса, таълим муассасаларида болалар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш, иситиш тизимларини соз ҳолга келтириш ва ёқилғи захирасини ғамлаш масалалари долзарб аҳамиятга эга. Бу борада “Адолат” СДПнинг Мингбулоқ туман Кенгашидаги депутатлари ҳам тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг мавсумга тайёргарлик ҳолатларини кўздан кечиришмоқда. Жумладан, "Бирлашган" маҳалласидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларининг 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан яқиндан танишилди.
Ўрганишларда маълум бўлганидек, ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабга 102 тоннадан ортиқ, 8-сонли мактабгача таълим ташкилотига 42,5 тоннага яқин кўмир етказиб берилган.
Халқ вакилларининг ўрганишлари натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ташкилотларга тегишли тавсиялар берилди.
Бу каби ўрганишлар барча ҳудудда тизимли равишда амалга оширилиб, мавсумни беталафот ўтказиш бўйича чоралар кўрилаётгани эътиборга молик.
М.Комилова, ЎзА