Куз-қиш мавсуми талафотсиз ўтади
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилояти Вобкент туманида жойлашган “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали тасарруфидаги “Вобкент газ тўлдириш шохобчаси”да бўлди.
Ўрганиш жараёнида, шохобча 40 тонна суюлтирилган газни сақлаш қувватига эга бўлсада, аҳолига тўлдирилган газ баллонларини кечиктириб етказиб берилаётганлиги аниқланди. Суюлтирилган газга бўлган аҳолининг талабини ўз вақтида таъминлаш, яъни, газ балонларини 30-35 кунгача етказиб беришни таъминлаш бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳи ҳамда Бухоро вилояти прокуратураси томонидан вилоятдаги аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига электр, табиий газ ва ичимлик сувини етказиб бериш ҳолатининг куз-қиш мавсумига шайлиги, энерготежамкорликни таъминлаш ишлари бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.
Жумладан, Ромитан туманида жойлашган “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасидаги “Муҳаммад Темур Аслон” МЧЖга қарашли иссиқхона хўжалигининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги ўрганилди. Мутасаддиларга аниқланган камчиликларни тез фурсатларда бартараф этиб, иссиқхонани қиш мавсумига шайлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасида 155 та тадбиркорлик субъекти томонидан 300 гектарга яқин ер майдонида иссиқхона хўжаликлари барпо этилган.
Ушбу тадбиркорларнинг муаммолари ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Таъминотчи корхоналар ҳамда масъулларга энергия ресурсларини етказиб беришда бюрократик тўсиқларни олдини олиш, 2024-2025 йилларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 70 фоизни экспортга йўналтириш, тўла қувватда фаолият юритмаётган иссиқхона хўжаликларини назоратга олиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, мутасадди идоралар раҳбарларига иссиқхона хўжаликларининг молиявий ҳолатини яхшилаш учун иссиқхоналарни қуришга ажратилган хорижий кредит маблағлар фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқиш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чораларини кўриш, ажратилган кредит маблағларини қайтаришда қийналган тадбиркорларга кредит муддатларини узайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.