Куз охирлаб қолган кезлар эди. Тонгги шабада ҳовлидаги дарахт хазонларини у ёқдан бу ёққа учириб ўйнайди.
– Дадаси, бугун уйдасиз. Ҳовли-жой юмушларига қарашиб юборсангиз бўларди, – деди аёлим. – Дарахтларнинг шохларини бутаб, қайчи урмасангиз, ўрмон бўлиб кетди. Кейин анави ўрикни таг-туги билан олиб ташлаш керакми? Куз келди дегунча хазон супуриб келинларнинг тинкаси қурийди. Уларга ҳадеб ёмон кўрингим келмайди.
– Шунча йилдан бери қизимиз чурқ этмасдан хазонларни тозалаб- супуришдан эринмасди. Энди келинларга малол келадиган бўлдими? – дедим ҳазил оҳангида.
– Ҳа энди, улар бировнинг боласи, ҳадеб иш буюролмайман, шундоқ ҳам ҳовлидаги юмушлар етиб ортади.
– Майли, сиз нима десангиз шу, онаси. Бажариш биздан-да.
Шундай дедиму, қўлимга арра, болта олиб дарахтлардаги ортиқча шохларни олиб, буташга киришдим. Аслида ҳовлида яшаган одам учун ортиқча нарсанинг ўзи йўқ. Шох-шаббалар ҳам керак. Тандирга қаласангиз нон, ўчоққа ташласангиз ош пишади.
Пешинларга бориб навбат аёлим айтган ўрикка келди. Илгари эътибор бермаган эканман. Ўрик ростдан ҳам тарвақайлаб кетган экан. Аввал болта, сўнгра арра билан уни ағдаришга киришдим. Бўлмади. Ўрик тагига қўйилган сўрига ўтирдим.Дарахтга зимдан қарадим. Ўтган кунлар бир-бир эсимга тушди. Бир куни отам раҳматли уйга хурсанд кириб келдилар.
– Онаси, мана бизга ҳам томорқага ер ажратишди. Бир чеккасига янги уй қурамиз, ўғилни уйлантирамиз. Ҳаракатингни бошлайвер.
Ўша йили эрта баҳорда отам тўрт туп хурмо ва бир туп ўрик кўчати олиб келди. Ниҳолларни менга узата туриб деди:
– Ҳовлининг бир четига экиб қўй. Ҳадемай ҳосилга кирса, оғзингдан бол аримайди.
Хаёлларимни бир четга қувиб, аста ўрнимдан турдим. Қўлимдаги болта билан ўрик танасига бир-икки урдим. Бўлмади. Арра солдим. Кучим етмади. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, ўрик дарахтини олиб ташлагим келмасди. Лекин унга яқин экилган узум новдаларининг авжи яхши эмас эди.
– Ҳой, дадаси, чарчадингиз чоғи. Бирор пиёла чой ичиб олинг. Бугун бўлмаса эрта бор. Ўғилларингиз келиб қолса қарашиб юборар.
Секин чойга қўл чўзаман.
– Онаси ростдан ҳам ўрик жуда яйраб-ёйилиб кетган экан-да. Шу қулатиб ўтирмай, бутаб қўяқолсам-ми, дейман. Ҳар ҳолда мағизи ширин ўрик-да, нима дейсан?
– Ўғлингиз йўлакни кенгайтириб чиройли бир нималар ётқизаман, ҳовлига ҳаво кирсин дейди. Шуни мевасини емасак емабмиз. Олиб ташлайверинг.
“Гапириш осон-да. Ўрик, ҳали айтганимдек, биз янги ҳовлига кўчиб кирмасимиздан илгари экилган. Мевасидан бир биз эмас, қўни-қўшни, опа-сингил ҳам баҳраманд бўлишган. Бир ниҳолни ўстириш, унинг ҳосилидан баҳраманд бўлиш учун неча йиллар керак. Аммо болалар ҳовли-жойга қарайман, ўзгартираман дебдими, майли бу жойлар энди уларники. Улар нима деса, шу-да”.
Яна қўлимга болтани олдим. Бир-икки ҳамла қилдим. Кунботарга яқин дарахт шер мисол наъра тортгандай ерга қулади. Шу пайт ичимдан бир нима узилгандай бўлди гўё. Кўзларимга ёш келди. Секин ерда тарвақайлаб ётган ўрик дарахтига ўтирдим. Энди кўзларимдаги ёшни тийиб тура олмадим. Шу пайт аёлим ёнимга келди.
– Ҳа, дадаси бирор нима бўлдими?
– Хавотир олма, ҳаммаси яхши. Фақат отам ёдимга тушиб кетди. – Эсингда бўлса, бу ниҳолларни отам олиб келган эди.
– Ҳа, ҳаммаси эсимда. Лекин - начора. Ҳовлининг четроғида бўлганда-ку, тураверар эди.
Ўтирганча ўй сурдим. Ўшанда эндигина ота-она бағрида яшаб рўзғор деган залворли юкни елкага олгандик. Болалар ҳали ёш, бири мактабга, яна бири боғчага қатнарди. Ҳовлимизда бир неча шафтоли дарахти ҳам бўларди.
Бир куни қайнонам келиб қолди. Рўзғордаги бир оз етишмовчиликдан хабар топган, чоғи. – Шафтолини, ўрикни териб беринглар. Сотиб келаман. Рўзғорга ул-бул олиб келасизлар, деди.
Биргалашиб меваларни териб бозорга олиб бориб бердик. Отам айтганларидек, кунимизга ҳам яради. Ана шу бир туп ўрик неча йиллар ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларимизга гувоҳ бўлган. Ёзнинг саратони, қишнинг изғиринидан бизни ҳимоя қилган. Энди, энди...
Шунда қулаган дарахт шохлари орасида дилдираб турган ниҳолга кўзим тушди. Данагидан чиққан бўлса керак. Шу пайт набирам югургилаб келди.
– Додажон, нега ўрикни кесиб ташладингиз? Энди ўрик емаймизми?
– Нега ундай дейсан, ўрик еймиз, албатта, еймиз. Мана бу ундан ҳам ширин ўрик бўлади. Мағизидан данаги ширин дейишади-ку!
Набирам билан ниҳолни авайлаб кўчириб олиб, ҳовлининг четроғига ўтқаздим. Кўнглимни беҳузур қилган ўй-фикрлар бир зумда тарқади. Зеро, мен эккан ниҳол эрта бир кун бўй чўзиб ҳосилга киради. Мевасидан фарзандларим, набираларим баҳраманд бўлади...
Шунда ҳеч нарса ҳеч қачон беиз кетмаслигини, бу табиатнинг қонуни эканлигини– табобат олами ҳам одамзод авлодларидай алмашиниб туришини яна бир карра ҳис қилдим. Ёнимда турган набирамга, ҳозиргина экканимиз ёш ўрик ниҳолига умр, ривож тиладим.
Асрор Сулаймонов, ЎзА