“Куёвнинг омонати” — кредит машмашалари акс этган комедия (+видео)
Театр ҳамиша ибрат ва тарбия маскани бўлиб келган. Ҳар бир театр томошаси инсонни эзгуликка, ёмонликлардан йироқ бўлишга, муайян ҳаётий хулосалар чиқаришга ундайди.
Шу кунларда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида “Куёвнинг омонати” номли спектаклнинг премьераси бўлиб ўтмоқда. Комедия жанридаги ушбу саҳна асари драматург Ҳайитмат Расул қаламига мансуб.
Унда бугунги кунда инсонлар орасида кенг қулоч ёяётган кредит машмашалари, айрим ҳою ҳавасга берилган, оқибатда яқинларини ташвишга қўйган кимсалар ҳаёти акс этади. Спектакль театр бош режиссёри Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилган бўлиб, театрнинг маҳоратли устоз актёрлари ҳамда ёш актёр ва актрисалари томонидан маромига етказиб ижро этилган.
— Асарда ўзбек хонадонидаги содда бир инсоннинг куёви омонат қилиб қолдирган пулни асраш жараёнидаги саргузаштлари ўз ифодасини топади, — дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри бош режиссёри Достон Ҳақбердиев. — Куёв бу пулни аёлининг орзу-ҳаваси, туғилган кунини ўтказиш учун банкдан кредит сифатида олади. Спектакль давомида бугун арзимаган бир маиший эҳтиёжлари учун ҳам кредит олиб, ўзини қийин аҳволда қолдираётган инсонлар тақдири кўрсатиб берилади. Комедия жанридаги бу аччиқ ҳақиқат орқали инсонларни ҳою ҳавасга берилмасликка ундаш мақсади кўзда тутилган.
Спектакль ҳам кулгили, ҳам ўйга толдирадиган вазиятлари билан томошабинларнинг эътибори ва олқишига сазовор бўлди. Саҳна кўриниши премьераси шу йилнинг 14 апрелига қадар давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LkHZxFaAx_U" title="“Kuyovning omonati” — kredit mashmashalari aks etgan komediya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Анвар Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА